150 оиланинг муроди ҳосил

Сергели туманидаги “Чоштепа” маҳалласида қуриб битказилган “Ёшлар уйлари” ўз эгаларига топширилди.

Давлатимиз томонидан мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни муносиб рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ижтимоий тараққиётга ўз ҳиссасини қўшаётган ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида уй-жойлар бериляпти.
Янги хонадонларнинг навбатдагиси Тошкент шаҳридаги 150 та ёш оилага насиб этди. Уларнинг ҳужжатлари республика комиссияси томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ижобий хулоса берилган.
“Ёшлар уйлари”нинг калитларини тантанали топшириш маросимида қатнашган кенг жамоатчилик вакиллари бахтиёр оилаларни қутлаб, юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун республика раҳбариятига самимий миннатдорлик изҳор этди. Фахрийлар Ватан осо­йишталигини тилаб, юзига дуо тортди.

Ҳасан УСМОНОВ