Ёшлар дунёни ўзгартириши мумкин

6 апрель куни Берлинда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Европанинг 300 нафар ёш раҳбари билан учрашди.

Мазкур учрашувда “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлар кенгаши аъзоси, халқаро денгиз компаниялари, жамоат сектори бўйича тажрибага эга, мана 5 йилдирки, ўсмирларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган Global Dignity глобал ташкилотининг Финляндия бўлими асосчиси, Финляндияда педагоглар ва таълим соҳаси ходимлари билан ишлаб келаётган Комила Султонова ҳам иштирок этди.
– Комила, таасуротларингиз қандай? Бир кун келиб Обама билан суҳбатлашаман, деб ҳеч ўйлаганмидингиз?
– 8 март куни менга Берлинда ўтадиган ушбу учрашувда иштирок этиш учун Барака Обама Фондидан таклифнома келди. Мен аввалига бу спам деб ўйладим, бироқ кейин унинг ҳақиқийлиги маълум бўлди. Таклиф этилганлар рўйхатида бўлганимдан ва амалга оширган жамоатчилик ишларим эътироф этилганидан хурсандман.
Мени 2011 йилда Вашингтонда Барак Обама билан учрашувга таклиф этишган эди, бироқ масъулиятли лойиҳани амалга оширишим кераклиги боис бу таклифга рад жавоби беришимга тўғри келган. Ўшанда мен бунинг учун яна бир имконият бўлади, деб ўйлагандим.
Америкаликларнинг ҳамжамиятларни бир жойга тўплаши, сармоя киритиши ва уларни қўллаб-қувватлаши мени ҳайратга солади. Европада ҳамжамиятлар ва нетворкинг маданияти энди ривожланмоқда. Кўп йиллардан буён Скандинавия мамлакатларини иммигрантлар билан бирлаштириш йўлида меҳнат қиляпман, Европада анча-мунча ҳамкасбларим бор. Обама билан учрашув мен учун эски дўстларим ва ҳамкасбларим билан учрашув ҳам бўлди.
– Сиз ўзингизни кўпроқ Ўзбекистон вакили сифатида ҳис этдингизми ёки Финляндия вакили сифатидами? Яна қайси раҳбарлар билан учрашишни истардингиз?
– Мен ўзимни Ўзбекистон ва Европа вакили сифатида ҳис қилдим. Менимча, Обама билн бўлган учрашув ижтимоий адолат, ёшлар билан ишлаш тарафдорлигим туфайли амалга ошган бўлса керак ва бу менга дунёни ўзгартиришга қодир инсонлар билан ишлаш учун янада кўпроқ куч ва истак бағишлади.
18 ёшимда Ўзбекистондан кетганимдан сўнг Дания ва Финляндиядаги ҳозирги мавқеимга эришиш учун узоқ йўлни босиб ўтдим… Бошқа мамлакатга бориб қолгач, инсон ўз ҳаётини қайтадан бошлайди, бу катта синовдир. Зеро иммигрантларнинг обрўси ҳам унчалик баланд эмас. Менга бу борада устозларим ёрдам берди. Вақт ўтган сари Ватанимда эмаслигимни янада кўпроқ ҳис қиламан, Ватанимга бўлган муҳаббатим ортиб боради. Наврўз, Ўзбекистон табиатини тез-тез эсга оласан киши.
Мен дунёга машҳур телебошловчи ва продюсер Опра Винфри билан учрашишни ҳам истар эдим.
– Жамоатчилик фаолияти, фуқаролик жамиятида ишлаш сизни нимаси билан ўзига жалб қилади?
– Мен асли қашқадарёликман. Аксарият қариндошларим ишлаш учун ҳозир ҳам турмуш ўртоқларидан рухсат сўрайди. Қачонгача хотин-қизларда танлаш ҳуқуқи, ўз фикри ва реал эмансипацияси бўлмайди?! Деярли 100 йил илгари ўзбек хотин-қизлари паранжиларини ташлаган эдилар, бироқ ҳанузгача бу борада парламентда сезиларли ўзгариш йўқ. Масалан, аёллар орасида Ўзбекистон элчиси йўқ, саноқли аёлларгина раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилади. Финляндияда касабларни эркаклар ва аёлларникига ажратиш ҳали ҳам мавжуд. Шундай бўлса-да, кўрсаткичларга кўра, 2018 йилда умумий хотин-қизларнинг 70,8 фоизи ва эркакларнинг 74,4 фоизи меҳнат бозорида қайд этилган. Ўзбекистонда эса 50,5 фоиз хотин-қизлар, 73,6 фоиз эркаклар меҳнат қилади.
Мен 13 ёшимда ўқишни, одамлар билан тенг ҳуқуқда мулоқот қилишни ва дунёни кўришни орзу қилганман. Менга “тўғри юр” деб ўқтиришган пайтларда, мен инглиз тилини ўрганишни бошлаганман ва менга репетитор билан шуғулланиш имкониятини яратиб беришгани учун ота-онамдан миннатдорман.
Америкага ўқишга кетаман, деб қатъий қарор қилганим ва Техасдаги таълим дастури бўйича ACCELS/FLEX стипендиясини ютиб олганимни яхши эслайман.
Мен ўз карьерам орқали эркаклар ва аёллар ҳамкорлик қилиши мумкинлигини исботладим ва бу ҳамкорлик гендер тенглигининг прагматик мисолидир.
ConnectUz шахсий консалтинг компанияси асосчиси сифатида кадрлар бўлими етакчилари ва раҳбарлари учун барқарор меҳнат маданиятини яратиш стратегияси, ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича маданиятлараро тренинглар ўтказаман, шунингдек, Финляндия таълимини Ўзбекистонга олиб кириш билан ҳам шуғулланаман.
Мен ўз фаолиятим билан ота-оналарни ўз фарзандлари қобилиятини ривожлантириб боришга, шахсий фикрига бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақираман. Биз маҳорат дарсларида ижтимоий стереотиплар, бидъатларни муҳокама қиламиз. Бу борада адабий асарлар, арт-лойиҳалар яратиш, давлат-хусусий шерикчилиги асосида фойда олишга йўналтирилмаган, ёшлар ва бутун авлоднинг ўзгаришига таъсир кўрсата оладиган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш зарур. Ҳатто комиксларни яратиш ҳам Ватанга муҳаббатни тарбиялайди.
АҚШнинг собиқ Президенти билан учрашувда мен Барак Обамани Ўзбекистонга таклиф этдим. Обама Фонди инклюзив раҳбарлик ва гендер тенглигини илгари суриш билан шуғулланади. Мен унинг ассистентига дўппи совға қилдим ва Марказий Осиё ҳудуди инсон капиталига дунё ғоялари, амалиётлари ва инвестицияларни жалб қилишга муҳтож бўлган минтақа эканини эслатиб ўтдим.
Скандинавияда яшаган йилларимда ўз салоҳиятимизни рўёбга чиқариш учун бир хил имкониятларга эга эканимизни тушуниб етдим. Бунинг учун мақсадга эришишга куч берадиган мотивация зарур, холос.
– Сизнингча, бугунги кунда ёшларга нима керак? Ўзбекистонлик ва финляндиялик ёшларнинг ҳаётий мақсадларига менталитетнинг таъсири қандай?
 
photo5388583952769461024.jpg
– Ёшлар муаммолари ҳар ерда ҳам бир хил. Булар – ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг салбий оқибатлари, депрессия, ижтимоий ёки сиёсий ҳаётга бўлган қизиқишнинг йўқлиги, буллинг, ишсизлик масалаларидир.
Ҳозирги кунда бутун дунёда тадбиркорликни идеаллаштириш жараёни кетмоқда, бакалавр ёки магистр даражаларига эса, иш ва муносиб ҳаёт кафолати сифатида муваффақият формуласи деб қаралмоқда. Аслида эса ҳамма ҳам олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга эмас. Шу боис барча касблар ҳам бирдек муҳим эканини кўрсатиш зарур. Бу борада Тошкентда кўплаб маҳорат дарслари ўтказиб турилади. Уларда ҳаётда ўз йўлини топиш, истеъдодни намоён этиш ва ривожлантириш сирлари ҳақида суҳбатлар уюштирилади. Бундай масалаларни ҳудудий даражага олиб чиқиш зарур.
Келажакда кўплаб мутахассисликлар йўқолиб кетишини ва университет таълими замонавий талабларга жавоб бермай қўйишини тушуниш керак. Таълим бозори ўзгариб бормоқда. Дунёдаги 85 фоиз компаниялар ўз ходимларини зарур даражада ушлаб туриш мақсадида янги технологияларни ҳисобга олган ҳолда, ўзларининг шахсий платформаларини яратмоқда. Бугунги кунда жамоада ишлай олиш, зарур ҳолларда ўз услубини ўзгартириш, глобал вазифаларни глобал даражада ҳал этиш, танқидий фикрлашга талаб юқори.
Ёшларимиз ўз орзуларига эришишлари учун таълим олиши, ўйнаши, дастурлар яратиши, ижтимоий лойиҳалар тузиши, ғайрат билан меҳнат қилиши керак. Бу борада уларни тўғри йўлга солиб турадиган устозлар керак. Шунингдек, ёшларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, кўнгиллилар бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ёшларимизда тадбиркорлик бўйича улкан ғайрат ва қобилият бор. Жамият буни чеклаб қўймаслиги керак. Ёшлар ўзларини рўёбга чиқариши учун уларга эркинлик керак.
– Сизнинг-ча, қайси ёшда касб танлаган маъқул, бу нимага боғлиқ? 
– Финляндияда менимча, имкониятлар жуда кўп. Ўзбекистонда таълим олиш ёки ишга жойлашиш учун ҳеч бўлмаганда, битта имкониятни қидирсак, бу ерда бундай имкониятлар жуда кўп, уларни танлаш ҳам мураккаб. Ёшлар тадбирларида қатнашиш муаммоси мавжуд. Онгли равишда касб танлаш ҳаммада ҳар хил кечади – Ўзбекистонда бу жараён эҳтимол 3-4 компанияларда иш тажрибасига эга бўлгандан сўнг юз бериши мумкин. Бундан ташқари, касбга йўналтириш бизда энди йўлга қўйилмоқда.
Финляндияда мақсадли гуруҳлар – 7-9 синф ўқувчилари учун махсус тайёргарликка эга карьера маслаҳатчилари фаолият юритади, улар ҳар бир умумтаълим мактабида карьера ярмаркалари, таълим муассасаларига ташриф буюриш, ҳар бир ўқувчи билан бирга карьера “йўл харитасини” тузиш учун масъулдирлар. Бу нафақат қаерга ўқишга кириш бўйича тўғри танлов қабул қилиш, балки шунингдек, агарда талаба ўқишни ташлаб, бошқа таълим даргоҳида ўқишни бошлаши ҳолатларида бюджет ҳаражатларини камайтиришга ҳам таъсир кўрсатади.
Global Dignity ташкилотининг Финляндия филиалидаги фаолиятим туфайли ушбу мамлакатдаги ўрта мактабларда касбга йўналтириш тизимидан хабардорман. Мен ўзбек бўла туриб, Финляндия ёшларини йўналтириб турганимдан фахрланаман. Биз Финляндияда истиқомат қиладиган ва ҳаётда кўп нарсани кўрган спикерлар билан икки соатлик маҳорат дарсларини ўтказамиз. Уларнинг ҳаёти ёшларнинг ўзига ва келажакка бўлган ишончини оширади. Жинси, дини, ёши, ирқи, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳаммани бир хил ҳурмат қиладиган ёшларни тарбиялаш биз учун муҳим. Шунингдек, биз инсоннинг ўзига нисбатан муҳаббат ва ўз ҳаётига нисбатан масъулият ҳисларини тарбиялашимиз ҳам лозим. Устозликнинг аҳамиятини ошириш ва ёшларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун платформаларга сармоя киритиш зарур.
– Ҳар қандай ота-она ўз фарзандини ўқитишга ҳаракат қилади. Ўзбекистонда ҳозирча кадрлар етишмовчилиги сезилмоқда. Аҳолининг камида 10 фоизи олий таълимдан фойдаланиш имконига эга бўлган бир пайтда, 25 ёшдан баланд бўлган аҳолининг қарийб 15,8 фоизи олий маълумотлидир. Бу кўрсатгичлар инсон капитали бўйича ижобий бўлмаган динамикани кўрсатмоқда. Ривожланиш учун қандай мақсад ва ислоҳотлар танланган бўлишига қарамасдан, малакали кадрларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Биз Финляндияда ўрта мактабда инглиз тилини ўргатадиган иш мисолида автоматлаштириш ва сунъий интеллект ҳақида сўз юритяпмиз. Ўзбекистонда ҳам таълим сифатини юксалтириш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш ва бунинг учун маблағни аямаслик керак!
Меҳнат унумдорлигини оширадиган, бозорларда рақобатни кучайтирадиган, давлат ва хусусий хизматлар, ишлаб чиқариш сифатини юксалтирадиган инсон капиталига инвестиция киритиш муҳим аҳамиятга эга. Биз меҳнат сифати, унинг самарадорлигини оширишни, айни пайтда, тут дарахати тагида чой ичиш учун вақт топишни ҳам ўрганишимиз керак.
Шу билан бирга, саъй-ҳаракатларимизни миллат саломатлигини яхшилашга йўналтирмоғимиз даркор. Ривожланаётган мамлакатлар учун ижтимоий лифтларнинг бўлиши, илм олишга бўлган интилиш бойлик ва даромад манбаси бўладиган шароитларни яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни амалга оширгансиз?
– Ground Zero Kitob Olami маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кўнгиллилар ва мураббийликни ривожлантириш оқали инсон капиталини ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати ўтказдик. Мен учрашув ташаббускори сифатида ОАВда кўнгиллилик маданиятини кенг ёритиш, хусусий сектор ва таълим муассасалари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали кўнгилликлик маданиятини кенгайтиришни таклиф қилдим.
2018 йилдан буён 4500 нафар киши вебинар ва бошқа тадбирларда иштирок этди. Ушбу урашувларнинг асосий мақсади – ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратишдир. Кўнгиллилик соҳасидаги фаолиятнинг аксарият қисми олдингидек, етим болалар ёки жисмоний имконияти чегараланган болалар сингари кам таъминланган оилаларга хайрия ишларини амалга ошириш ва ёрдам кўрсатиш билан чекланмоқда. 2019 йилнинг февраль ойида Тошкентда Финляндия университети вакилларининг илк таништирув учрашувини ташкил қилдим. Унинг доирасида таълим, инновациялар ва соғлиқни сақлаш вазирликларида учрашувлар ўтказдик. Бунинг самарасида ҳамкорлик тўғрисида, масалан, стоматология институти билан келишувлар имзоланди. Яқин келажакда Ўзбекистонда Финляндия университетининг филиали очилади, деб умид қиламан.
Мен Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаол ишларни амалга ошириб келяпман. Давлатлар, бизнеслар, учинчи секторлар ўртасида ишончни барпо этиш, лицезиялар бериш бўйича ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда Ўзбекистонга келиб, инфратузилмага сармоя киритишни, таълим, кўнгиллилик ва устозликни ривожлантиришда ижтимоий фаолият билан шуғулланишни хоҳловчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар учун қулай муҳит яратиб бериш керак, деб ҳисоблайман.
Ижтимоий муҳитга инвестиция киритиш ютқизилмайдиган ҳолатдир. Зеро, ижтимоий тадбиркорлик айнан ана шу лойиҳалардан пайдо бўлади, компанияларнинг ижтимоий корпоратив масъулият ҳисси ошади.
Кейинги лойиҳам – коммуникациялар соҳасида ўқув дастурини ишлаб чиқиш, ёшлар учун алоқалар ва глобал ваколатларни йўлга қўйишдир.
Дунё ўзгармоқда. Истаймизми, йўқми, Ўзбекистон ҳам ўзгармоқда. Давлат ва аҳоли ўртасида ишонч пайдо бўлса, инсон капиталига сармоя киритилса, хорижга чиқадиганлар кам бўлган, инсонлар ўз оилалари билан шу ерда меҳнат қиладиган келажакни кўриш имкониятларимиз ҳам ортади.
Мунаввар Раззоқова, ЎзА