Ёш олимлар нефть-газ саноати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади

Жорий йилнинг 15-17 май кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2019” йигирма учинчи халқаро кўргазмаси доирасида “Ўзбекистон нефть-газ саноати ривожланишининг янги босқичи“ мавзусида ёш олимлар йиғилиши ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг интерактив сессияси бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирлар мамлакатимиз нефть-газ саноати соҳасида ёш мутахассис ва олимларнинг илмий-ижодий фаоллигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз“ акциядорлик жамияти тизимидаги корхона ва ташкилотларда 28 мингдан зиёд ёш мутахассис меҳнат қилади. Бу саноат соҳасида ташкил этадиган ишчилар сонининг тахминан 30 фоизи демакдир. Шу билан бирга, “Ўзлитинефтгаз” акциядорлик жамияти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти ёш кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Шу маънода кўргазма ва анжуман доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар ёш олимлар учун жуда мазмунли ва фойдалидир. Эътиборли жиҳати шуки, улар ўз соҳалари бўйича илмий изланишини намоён қилиши билан бирга иштирокчиларнинг илмий-ижодий ишларидан хабардор бўлади. Ҳозир ташкилий қўмитага нефть-газ соҳасидаги долзарб мавзуларни қамраб олувчи 50 дан зиёд ҳужжатлар тақдим этилган. Уларнинг барчаси илмий-техник конференцияларнинг махсус тўпламида нашр этилади. Якунга кўра, натижалар сарҳисоб қилиниб, ғолиблар аниқланади ҳамда уларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА