Ёш тадбиркорларга 94 миллиард сўм

2019 йилда Тошкент шаҳрида ёш тадбиркорларнинг 149 та лойиҳаси учун 94 миллиард сўм кредит ажратилади. Натижада 2 минг 235 нафар ёш ишли бўлади.
Бу ҳақда “Ёшлар — келажак бунёдкори” мавзуида Ёшлар пресс-клубида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълумот берилди. “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси томонидан ўтказилган тадбирда Марказий банк, Савдо саноат палатаси, Тошкент шаҳридаги туман давлат солиқ қўмиталарининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирда кредит олиш истагида бўлган ёшларни аниқлаш, уларга кредит ажратиш, бу орқали бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар иштирокчиларга бўш иш ўринлари, солиқ тизимидаги янги ўзгаришлар, тадбиркорлар учун мавжуд солиқ турлари ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача бешта муҳим ташаббус доирасида жамғарманинг Тошкент шаҳридаги туман филиалларида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, Учтепа туманидаги 95 та маҳаллада тарғибот тадбирлари ўтказилди, 900 нафардан зиёд ёшнинг тадбиркорлик бўйича малакаси оширилди.

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА