БЕШТА МУҲИМ ТАШАББУС Бугун ўзгармасак, эртага кеч бўлади!

Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи Ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни аямаймиз, бор имкониятимизни ишга соламиз.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта муҳим ташаббуси. Сўнгги бир неча ой мобайнида миллий медиа макондаги бу мавзу тренд даражасига кўтарилди. Муҳим ташаббусларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганига доир қайноқ хабарлар, таҳлилий мақола ва очерклар, жонли репортажлар жамоатчилик эътиборига деярли ҳар куни ҳавола этилмоқда.

Умумманфаат юзасидан бошланган ҳаракат халқни том маънода тўлқинлантириб юборди. Гап ёшлар ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи ислоҳотларга давлат раҳбари шахсан бош-қош бўлаётгани ёки уларга сиёсий тус берилганида эмас. Аслида ўша бешта ташаббус кабинетда ўйлаб топилгани ҳам йўқ. Аксинча, илгари сурилган ҳар бир ғоя миллионлаб оддий одамларнинг хоҳиш-истаги, таъбир жоиз бўлса, қалб овозини ифода этади.

Ахир, туманида мўъжазгина кутубхона, замонавий кино­театр ёки истироҳат боғи бўлишини, маданий тадбирлар деворлари тўкилаётган зах бинода эмас, балки кенг ва шинам масканларда ўтишини, интернет тармоғига уланган компьютерлардан фойдаланишни, барча зарур инвентарлар билан жиҳозланган спорт залларида жисмонан чиниқишни, муносиб шароитларда меҳнат қилиб, рўзғорини бут қилишни, кўчасига асфальт ётқизилишини йиллар давомида орзу қилиб яшаган юртдош­ларимиз оз дейсизми.

Мамлакатимизда шунча янгиланишлар бўлаётган бир пайтда нега қишлоқ болаларининг ҳаёти ижобий томонга ўзгармаслиги, турмуши яхшиланиб, онгу шуури юксалмаслиги керак?! Бу қоракўзлар ҳам Ўзбекистон фарзандлари! Демак, шаҳарлик тенгдошларидан қолишмасликка, юксак марраларни кўзлашга, ўз устида ишлаб, ривожланишга, маънавий баркамол бўлишга ҳақли. Умуман олганда, барча ёшларимиз шунга баб-баравар интилмоғи лозим. Уларни тўхтатиб қўйи­ши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий муаммони эса зудлик билан бартараф этиш талаб қилинади. Бешта ташаббус негизида худди шу мақсад ётибди.

2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз барча даражадаги раҳбарлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва нодавлат ташкилотлари мутасаддиларидан ёшларга эътиборни кучайтиришни талаб қилганди. Бу масала Ўзбекистон учун принципиал аҳамиятга эга (ва доимо шундай бўлиб келган). Негалиги тушунарли. Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи ёшлардан иборат. Ушбу контингентнинг ўзига яраша талаб ва эҳтиёжлари, дарду ташвишлари бор. Бир қанча жиҳатларга эътибор қаратсак.
Биринчи жиҳат, кўпгина тенг­дошларимиз қишлоқда ис­ти­қомат қилади. Туманларда эса йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича инфратузилма етарли эмас. Ҳарқалай, ҳозирча шундай. Тўғри, баъзи ҳудудларда маданият марказлари мавжуд. Лекин аксарияти абгор аҳволда. Шу боис фаолиятини тўхтатган. Натижада болалар на бирон тўгаракда шуғуллана олади, на кино томоша қилиши ёки маданий тадбирлар уюштириши мумкин. Чунки шароит йўқ. Буни Президент ташаббуслари рўёбга чиқарила бошланган илк манзил — Тошкент вилоятининг Бўка тумани мисолида ҳам кўрдик.

Ачинарлиси, вазиятни ўнглаш мақсадида ҳудудда йиллар давомида биронта ҳам иш қилинмаган. Аҳолининг маданий савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, турмуш ташвишларидан аритиш ҳақида ҳеч ким ўйламаган. Шубҳасизки, бундай боқибеғамлик пировард натижада одамларнинг кайфиятига таъсир кўрсатади, турли иллатларнинг томир отишига сабаб бўлади. Мана нима учун давлатимиз раҳбари ёшларга эътиборни кучайтириш керак, дея жон койитмоқда — буни ўзидан ҳам, атрофдагилардан ҳам қаттиқ талаб
қилмоқда!

Шундай қилиб, бешта муҳим ташаббуснинг дастлабкиси ёш­ларни санъатга ошно этиш ҳамда истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган. Шу мақсадда яқин икки йил мобайнида республикадаги барча маданият марказларида қўшимча 1 минг 500 та тўгарак очилади. Бундан ташқари, бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар клублари ҳамда театр-студиялари ташкил қилинади.
Иккинчи муҳим жиҳат: ёшларни бўш қолдирмасликнинг яна бир ишончли усули уларни спортга кенг жалб этишдир. Шундайку-я, аммо барча ҳудудларда ҳам спорт объектлари бор деёлмаймиз. Талаб даражасида жиҳозланмаганлари қанча. Видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз бу ҳақда ҳам куюнчаклик билан гапирганди.

Умумтаълим мактаб­ларининг ўзида спорт анжомлари етишмайди. Таъминланганлик даражаси 56 фоизни ташкил қилади, холос. Ўқувчиларга эътибор шу бўлса, маҳаллалардаги ишсиз ёшларнинг ғамини ким ейди? Ваҳоланки, улар ҳам спортни яхши кўради. Ким билсин дейсиз, шароит яратиб берилса, балки орасидан чемпионлар етишиб чиқар. Нима бўлганда ҳам, масалага жиддий ёндашмоқ зарур.

Президент олис қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ҳамда сунъий қопламали майдонлар қуришни таклиф қилган. Давлат тадбиркорларга қулай шартларда ер майдонларини ажратишга, ташаббускор ёшларга эса, бунга қўшимча равишда “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредитлар тақдим этишга тайёр. Баъзи юртдошларимиз бундай имкониятни қўлдан бой бермай, ишга аллақачон киришиб кетган. Масалан, Бўка туманида бир неч­та тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан сунъий қопламали мини стадионлар барпо этмоқда.
Ахборот технологиялари ас­рида инновациялар яратишга ҳаракат қилаётган мамлакат ёшлари компьютер ва интернет илмини сув қилиб ичиб юборган бўлиши керак. Йўқса, тараққиёт пиллапоясидан илдамлай олмаймиз. Шу ўринда аччиқ ҳақиқатни тан олишга тўғри келади — Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаб­ларида компьютер синфлари бўлса-да, бироқ ҳаммаси ҳам глобал тармоққа уланган эмас. Оддий техник таъминот масаласи муаммо бўлиб турган бир пайтда эртамиз эгалари қандай қилиб рақамли дунёни таниши, ўзлари ҳам шу маконда рақобатлаша олиши мумкин?!
Оптимал ечим сифатида Президентимиз учинчи муҳим ташаббусни илгари сурди. Унинг доирасида шаҳар ва туманлар марказларида ёшларга рақамли технологиялар, жумладан, дастурлаш ҳамда электрон тижорат асослари бўйича пухта билим берадиган, стартап лойиҳалар яратишга кўмаклашадиган ўқув марказлари ташкил қилинади. Қолаверса, 2021 йилгача барча умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш кўзда тутилган.
Тўртинчи муҳим ташаббус моҳиятида ёшларни китобхон қилишдек олижаноб ва улуғвор мақсад ётибди.

Яшириб нима қилдик, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда жамоатчилик кутубхоналари қолмади ҳисоб. Янгиларини қуриш, кўпайтиришга биров бел боғламади. Мутасаддилар жим турди, рағбат кўрсатилмади. Жамоатчилик ҳам бу ишга қўл силтаб яшади. Алал-оқибат халқимиз, айниқса, ёшлар мутолаадан анча узоқлашиб қолди.

Олис ҳудудларда яшаётган илмсевар ўғил-қизларга эса янги адабиётларни топиш муаммо. Вазият обдон таҳлил қилингач, вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига “Маърифат карвони”ни жўнатишга қарор қилинди. Шу тахлит ҳар бир ҳудудга бадиий, маърифий, ижтимоий мавзудаги жами 1 миллион (!) нусхадан китоб етказиб берилади. Хайрли ташаббусга Ёшлар иттифоқи биринчилардан бўлиб бош қўшди. Иттифоқ томонидан юзлаб таълим масканларига минглаб адабиётлар совға қилинди. Жараён давом этмоқда.
Аҳолининг китобларга эҳтиёжини қондириш мақсадида қишлоқ ва овулларга кўчма кутубхона — “Библиобус”лар қатнови йўлга қўйилди. Қолаверса, яқин истиқболда шаҳар ва туманлар марказларида китоб дўконларини қуриш режалаштирилган.
Ишининг тайини йўқ, топиш-тутиши ҳаминқадар инсон ҳаловатини йўқотади. Иложсизлик ёки бекорчилиги сабаб ҳар кўйга тушиб, ҳатто ёт ғоя­лар тарғиботчиларининг тузоғига илиниши ҳеч гап эмас. Жабрини эса нафақат ўзи, балки давлат ва жамият бирдай тортади.

Юртимизда янги иш ўринлари яратилаётганига қарамай, талаб ҳамон таклифдан юқорилигича қолмоқда. Аёлларга иш топиш бирмунча қийин. Айниқса, қишлоқда.

Бежиз эмаски, Президентимиз бешинчи ташаббусни айнан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш билан боғлади. Қандай қилиб деган саволга оқилона жавоб топилган — ҳар бир туманда тикув-трикотаж корхоналарини ташкил этиш керак. Иморат учун харажатлар сметаси ҳам минималлаштирилди. У енгил конструкцияли сендвич панелидан қурилса, анча арзонга тушади.
Яна бир афзаллик: тикувчиликни ўргатиш узоқ вақтни талаб қилмайди — кўпи билан уч ой. Мана шундай ҳисоб-китоблар асосида бир-икки йил ичида Ўзбекистонда камида 195 та янги тикув-трикотаж фабрикасини ишга тушириш мумкин. Бу 24 минг нафардан зиёд хотин-қиз доимий иш билан таъминланади деган гап. Ўзбек пахтасидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларининг бозори чаққон. Узоқ ва яқин хориж мамлакатлари ҳам уларни бажонидил сотиб олмоқда.
Юқоридаги таҳлиллар, фикр ва мулоҳазалар бугун ўзгармасак, ёшларни қўллаб-қувватлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига имкон яратмасак, эртага кеч бўлишини кўрсатмоқда. Муҳими, айни ҳақиқатни давлатимиз чуқур англаб етган. Илк қадамларни ҳам ўзи ташлади. Хайрли бўлсин!

Наргиза УМАРОВА