Жиноятнинг сабаби фақат ишсизлик эмас

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Тадбир Самарқанд вилоятида ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш масалалари таҳлилига бағишланди.

Очиқ мулоқотда Ички ишлар вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Яқинда Самарқанд вилояти Иштихон туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси ҳаётига зомин бўлган уч йигитнинг жинояти, унинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, вилоятда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича масъуллар фаолияти, эришилаётган натижалар танқидий таҳлил қилинди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рус­там Қобилов мазкур жиноятнинг илдизи ишсизликка эмас, аксинча, оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалишини таъкидлади. Чунки қотилликка қўл урган 3 нафар ёш туманда узумчилик билан шуғулланиб, йиллик даромади эллик миллион сўмдан ортиқ бўлган. Ўтган йили “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ишчи гуруҳи туманда манзилли рўйхат тузиш бў­йича шу ёшларнинг уйида ҳам бўлган. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича имтиёзли кредитлар таклиф этилган. Аммо ёшлар кредитга эҳтиёжлари йўқлигини билдириб, таклифни рад қилган.

Шаҳноза АБДИЖАМИЛОВА