ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТГА қачон етамиз? Ёхуд катта йўлдаги майда тўсиқлар ҳақида

Биз дунёдаги илғор давлатлар сафига қўшилишни, ҳаётимиз ўзгаришини хоҳлаймиз. Бунинг учун нима қилиш кераклиги ҳам аён. Мамлакатда инновацион фаолиятни ривожлантириш ҳамда уни барча янгиланишларнинг локомотивига айлантириш зарур.
Аммо инновациялар осмондан ёғилмайди. Уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирмай, йўл-йўриғини кўрсатмай туриб, ёшлар қачон миллионлаб даромад келтирадиган лойиҳалар яратар экан, дея хомтама бўлиб ўтириш бефойда. Новаторлик — ҳаёт тарзи, дўстлар. Шундай яшашни ўрганиб олмагунимизча инновацион тараққиёт биздан олислаб бораверади.

Бошқа муҳим жиҳат ҳам бор. Гап мамлакатнинг инновацион конструкцияси ҳақида бормоқда. У аниқ механизмлардан ташкил топган. Ҳар бири ўз вазифасига эга. Энг аввалида стартаплар туради. Бу моделлар инновацияларнинг манбаи ҳисобланади.
Стартаперлик бутун дунёда оммалашмоқда. Исроил, Эстония, ҳатто Чилига ўхшаш кичик давлатлар шу тизим орқали иқтисодий аҳволини яхшилай олган. Мазкур жиҳат қўшниларимизни ҳам ўйлантирмоқда. Масалан, бугун Қозоғистонда “Рақамли Қозоғис­тон” дастури амалда.
Биз ҳам ҳаракат қилсак бўлади. Ахир, иқтидорли ёшларимиз кўп-ку. Шубҳасиз, уларда жаҳон бозорига олиб чиқишга арзийдиган, миллионлаб одамларнинг оғирини енгил қиладиган ғоялар талайгина. Хўш, унда нега ушбу ресурсдан самарали фойдалана олмаяпмиз? Келинг, сабабларни бир бошдан таҳлил қилсак.
Ўзбекистонда узоқ вақтгача яхлит инновацион экотизим мавжуд эмасди. Инновацияларни ривожлантириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар тарқоқ ҳолда бўлган. Вазият эндигина ўнг­ланмоқда ва қилиниши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп.
2018 йил 11 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу эса ҳукумат мамлакатнинг инновацион платформага ўтиши учун зарур кўмакни кўрсатишга тайёр эканини англатади.

Бош вазир имзолаган ҳужжат негизида мамлакатда стартаперлик ҳаракатини ривожлантириш мақсади ҳам ётибди. Ўтган қисқа вақт мобайнида бир қанча янги инкубаторлар, акселератор ҳамда технопарклар, ҳатто ёш новаторларга молиявий кўмак кўрсатадиган жамғарма ташкил этилгани дастлабки амалий қадамлар ҳисобланади. Санаб ўтилганлар стартап экотизимининг муҳим таркибий қисмларидир. Демак, йирик занжирнинг ҳалқалари аста-секин бир-бирига
уланмоқда.

Ҳозирча ҳалқалар сони саноқли ва улар жуда мустаҳкам ҳам эмас. Яна бир муаммо шундаки, Ўзбекистонда ихтисослаштирилган стартап-инкубатор ва акселераторлар деярли йўқ. Масалан, ўтган йил сентябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Юқори технологиялар маркази негизида илмий акселератор ташкил қилинганди. Бироқ у турли йўналишлардаги стартап лойиҳалар билан ишлайди. Ваҳоланки, инновацион тараққиётнинг чўққисига етган Жанубий Корея тажрибаси бундай муассасаларни технопарк, олий ўқув юртлари ёки илмий марказларда очиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда. Шунда аниқ қамровга эга инновацион маҳсулот ёки хизматлар яратишга эришамиз. Натижа ҳам кўзга яққол ташланади.
Ўзбекистондаги дастлабки стартаплар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тегишли эди. Айримлари тезда оммалашди. Бундан ўн-ўн беш йил илгари онлайн бозорда пайдо бўлган “MyTaxi”, “MyJob” каби бир қанча янги сервислар кейинчалик мустақил компанияларга айланганини эсланг. Ёш дастурчиларимизнинг транспорт логистикаси бўйича ишлаб чиққан биттагина “Wing.ae” мобиль иловаси Бирлашган Араб Амирликларига 3 миллион АҚШ долларига сотилгани ҳам факт. Бу глобал миқёсда эътироф этилган биринчи стартапимиздир. Афсуски, охирги пайтда бундай феноменал ҳолатлар ҳақида эшитмай қўйдик.
Юртимизда стартапларнинг сони ҳам унчалик кўп эмас. БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш” лойиҳаси мутахассислари тайёрлаган таҳлилий материалда ёзилишича, респуб­ликамизда бир йилда яратилаётган стартаплар сони 200-250 тадан ошмайди. Ваҳоланки, Жанубий Кореяда стартап­лар сирасига кирувчи юқори технологик компаниялар 30 мингдан ортиқ, Россияда 20 минг атрофида.
Омадли стартаплар мамлакатнинг инновацион салоҳиятини ошириб, ривожланишига сезиларли туртки беради. Бир вақтлар исроиллик ёш дас­турчилар яратган ISQ мессенжери бу юртни дунёга машҳур қилиб юборганди. Лойиҳа америкалик сармоядорларга 1 миллард АҚШ долларига сотилгач, йигитлар бойиб кетади. Шундан кейин ота-оналар фарзандларини ёппасига IT соҳасига қизиқтира бошлаган. Натижада ҳозир Исроилда ҳатто ёш бола ҳам инновация нималигини билади. Таълим даргоҳларида стартап лойи­ҳалар яратиш бўйича махсус курс­лар ўтилмоқда.
— Таълим тизимини ислоҳ қилмагунимизча бизда стартап ҳаракати кўнгилдагидек ривожланмайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бош­қармаси масъул ходими Анвар Худойбердиев. — Болаларга инновацион ­фикрлашни, тадбиркорлик ва маркетинг асосларини мактабданоқ ўргатиш керак. Яшириб нима қилдик,

жамиятимизда инновация тушунчаси билан мутлақо таниш бўлмаган ёки уни нотўғри талқин қиладиган одамлар кўп. Бошқа давлатларда аллақачон жорий қилинган технологияни кимдир Ўзбекистонга олиб келса, шуни инновация деб юрганлар қанча! Бундай шароитда стартаперлар авлодини тарбиялаш мушкул.

Иқтидорли ўғил-қизларимиз жуда кўп. Бу гапни муболағасиз айтяпман. Ҳозирги ёшларнинг миясида креатив ғоялар қайнаб ётибди. Лекин ғоя ташқарига чиқмагунча, бизнес лойи­ҳага айланмагунча ҳеч кимни қизиқтирмайди. Мана шу жойда стартаперларга услубий кўмак — малакали устозлар, яхши тренинглар, хорижий мутахассислар билан учрашувлар, ўзбек тилида, тушунарли ва содда қилиб ёзилган қўлланмалар керак.
Умуман ҳеч нарса қилинмаяпти, деёлмайман. Масалан, яқинда илк натижалари эълон қилинган Ўзбекис­тондаги биринчи илмий акселератор — “C.A.T. Science Аccelerator” доирасида ўнлаб ёшлар олти ой мобайнида етук олимлар, маркетолог ва тадбиркорлардан стартап яратиш технологиясини ўрганди. Ўқув машғулотларига ҳатто АҚШнинг Силикон водийсидан мутахассислар жалб қилинган.
Тажрибали менторлар билан жонли мулоқотлар ва маҳорат сабоқлари стартаперларни, сўзсиз, пишитади, зарур кўникмалар эгаллашига ёрдам беради. Бундай имкониятни стартап экотизимининг бошқа бўғинлари — инкубатор ва коворкинг-марказлари ҳам яратиб бермоқда. Лекин уларнинг аксарияти пойтахтда жойлашган. Ваҳоланки, “тоза ҳаво”ни айнан туманларга олиб кириш керак.

Сабаби аҳолининг салмоқли қисми қишлоқларда яшайди. Шу боис вазирлигимиз томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда Ёшлар инновация марказлари ташкил қилинмоқда. Ҳар бирида коворкинг-маркази жойлашиб, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатилади.
Инсонда оригинал ғоя бўлиши мумкин. Бироқ унинг негизида яратилган стартап, яъни бизнес-модель ишлаши учун сармоя керак. Юртимиз шароитида бу ҳам муаммо. Сабаби стартап лойиҳаларни давлат кўмаги асосида молиялаштириш тизими Ўзбекистонда ҳали яратилмаган.
Мақолани тайёрлаш жараёнида бир қанча экспертлар билан суҳбатда бўлдик. Барчаси ёшлар биров пул берса, кейин ишни бошлайман, деган янглиш фикрда эканини тасдиқлади. Бундай кайфият, жайдари тилда айтганда, ишнинг белига тепади, жамийки уриниш­ларни пучга чиқаради.
“Dekos” бренди асосчиси Ҳасан Мамасаидов Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилаётган стартап лойиҳалар танловининг ҳакамлар ҳайъати аъзоси ҳисобланади. Таниқли тадбиркор грант олишга ҳужжат топширган талабгорлар орасида 200 миллион сўмлик лойиҳасига нақ 2 миллиард сўраган беандиша ёшлар ҳам учраганини куюниб гапирди.

— Баъзилари уялмай, ўзига машина, отнинг калласидек маош сўраяпти, — дейди суҳбатдошимиз. — Эртага стартапи ишлайдими, қўшимча маблағни қаердан топади, маҳсулотни кимга сотади ва ҳоказо масалаларга ечим топмаган ҳали. Давлатнинг пулини олса-ю, чўнтакка урса. Бунақа ғирром ёндашув билан бизнес касодга учраши аниқ.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда стартапер лойиҳасига ё шахсий, ё қариндош-уруғ ва таниш-билишларининг маблағларини тикади. Бироқ шунда ҳам инвестициянинг қайтмаслик эҳтимоли 69 фоизга тенг. 30 фоизи бир сўм фойдасиз қайтиб келади. Хавф даражаси юқори бўлгани сабаб четдан сармоядор топиш, масалан, бизнес-фаришта (стартапларни дастлабки босқичда молиялаштирадиган тадбиркор)лар ёки венчур фондлари маблағларини жалб қилиш мушкул. Чунки стартап тинмай эксперимент қилиш дегани. Статистика бўйича ўнтасидан фақат биттаси муваффақиятли чиқади ва даромад келтиради.
Бизнес-фаришталар Ўзбекистонда озми-кўпми бор. Табиийки, улар ҳам стартапларга пулини тикиб, “куйиб қолган”. Лекин амалдаги қонунчилигимиз бўйича форс-мажор ҳолатда тадбиркор йўқотилган маблағни ўз ҳисобидан шунчаки чиқаролмайди. Албатта, манбасини, боз устига, натижаси билан кўрсатиши шарт. Ҳатто грант маб­лағини олаётганда ҳар тийини учун ҳисобдорсиз. Стартап эса янги ғоя, ноанъанавий ёндашув, синовдан ўтмаган бизнес дегани. Айтганимиздек, ундан натижа чиқмаслиги ҳам мумкин. Демак, де-факто тадбиркорлар иложсиз вазиятда қолмоқда. Шу боис уларнинг аксарияти стартапер­ларни қўллаб-қувватлагиси келмайди.

— Ҳукумат бизнес субъектларига катта риск эвазига стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун қонуний асос яратиб бериши зарур, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси координатори Усмон Раҳимжонов. — Шунда ёшларда иштиёқ сўнмайди, стартаплар кўпаяди ва энг яхшилари юзага чиқади. Дунё тажрибасидан маълумки, инновацион экотизимни яратишда административ ресурс муҳим роль ўйнайди. Шундай пайтда давлат новаторларимизга елка тутиб бермаса, экотизим таркибий қисмларининг “оёққа туриши”га ташкилий, ҳуқуқий, муҳими, молиявий жиҳатдан кўмаклашмаса, ўсиш ва ўзгариш ҳақида гапириш бефойда.

Бизга стартапларни кашф қиладиган ва изчил ривожланишига кўмаклашадиган корпоратив акселераторлар, корпоратив венчур фондлари керак. Уларни иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият кўрсатаётган корхоналар, банклар ва бошқа молиявий тузилмалар ўзаро келишиб ташкил қилса ҳам бўлади.

Жанубий Корея, Исроил, Финляндия, Болтиқбўйи мамлакатларининг ҳаммаси шу йўлни босиб ўтган. Ҳозир улар халқаро рейтингда етакчи позицияларни эгаллаб турибди. Йигит-қизлари инс­титутни битирмасданоқ, миллиардлик стартап­лар яратиб, йирик компанияларга асос солмоқда. Нима, Ўзбекистон ёшларининг қўлидан келмайди дейсизми? Келади! Шароит етарли эмас, холос. Ахир, стартап икки-уч кишининг олти ойлик умри ва меҳнати дегани. Хўш, улар шунча вақт ўзини фақат ишга бағишласа, ниманинг ҳисобига кун кўради, оиласини қандай қилиб боқади? Шу боис бошланишига давлатнинг молиявий кўмаги талаб қилинади.

Стартапер оддий иш жойига ҳам эга бўлиши керак. Коворкинг-марказларини олий ўқув юртлари, коллеж ёки лицейлар қошида очайлик. Ҳозир ўқув муассасаларимиз кўпроқ таълим жараёни билан банд, ташвиши ўзига етади. Баъзан истак бўлганда маблағ топилмаслиги мумкин. Мана шундай пайтда давлат ташаббус кўрсатиб, керакли инфратузилмани яратишда бош-қош бўлиши даркор.

Яна бир гап. Стартапга фақат бир марта грант ажратиш билан иш битмайди. Лойиҳа яшаб қолиши учун унинг кейинги босқичларини ҳам молиялаштириш керак. 1 миллиард доллар даромадга эга стартап компаниялар бундай натижага енгилгина эришган дейсизми. Йўқ, албатта. Улар ҳам ўз вақтида қўшимча сармоя­га эҳтиёж сезган, изланишдан тўхтамай, бизнесининг ривожи учун бошқа манбалардан маблағ жалб қилган. Бу жиҳатдан ҳозир стартаперларимиз анча қийин аҳволда. Зотан, аввалроқ таъкидланганидек, хавф даражаси юқорилиги боис, Ўзбекистондаги хусусий бизнес инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашдан ҳайиқади. Йирик давлат корхоналари эса бундан умуман манфаатдор эмас.
АҚШнинг нуфузли тадқиқот компанияси — “CB Insights” таҳлилларига кўра, стартапларнинг салкам ярми бозорни яхши ўрганмагани учун касодга учрамоқда. Иккинчи муаммо маблағ топиш билан боғлиқ. Шундай экан, стартап дастлабки босқичдан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам, кейинги яшаш фазаларида айнан молиявий қийинчилик туфайли “бўғилиб қолмаслиги”га ҳеч ким кафолат беролмайди. Юртимизда инновацияларни жорий этиш учун масъул ташкилот ва идоралар масаланинг мана шу томонига ҳам эътибор қаратишини хоҳлардик.

Катта йўлнинг бошидамиз. Мамлакатни инновацион рельсга қўйиш, ҳаё­тимиз, ҳаётга муносабатимиз, фикрлаш тарзимиз, ислоҳотларнинг шаклу шамойилларини ўзгартириш ва умуман, келажакка бошқача кўз билан қараш беҳисоб куч ҳамда матонатни талаб қилади. Истакнинг ўзи билан мақсадга эришолмаймиз. Ҳаракат қилиш, қилганда ҳам, тўғри йўналишда ҳаракатланиш керак. Ҳарқалай, бунга иродамиз етади.

Наргиза УМАРОВА