КЕСКИН БУРИЛИШ Президент қароридан сўнг халқаро фан олимпиадаларидаги нуфузимиз ортадими?

Генетикларнинг таъкидлашича, ҳар бир инсон муайян қобилият билан туғилади. Демак, истеъдод ҳаммада бор. Лекин уни юзага чиқариш, ҳақиқий кучга айлантириш бошқа масала. Бунинг учун муттасил меҳнат керак. Саъй-ҳаракатларни бир ўзанга солиш ҳам муҳим. Шунда натижа бўлади.
Бугун ёшларимиз билим ва тафаккур бобида дунёдаги тенгдошлари билан беллаша оляпти. Уларнинг халқаро фан олимпиадаларидаги иштироки ёмон эмас. Масалан, сўнгги ўн йил мобайнида ўзбекистонлик ўқувчилар математика, физика, кимё, биология, информатика фанларидан 72 та медални қўлга киритди. Албатта, бундан кўпига қодирмиз. Таассуфки, юртимизда ҳали-ҳануз интеллектуал салоҳияти юқори йигит-қизларни аниқлаш ва фан олимпиадаларига тайёрлаш бўйича яхлит тизим яратилгани йўқ. Бундай жиддий камчиликни бартараф этиш мақсадида 2019 йил 3 майда Президентимизнинг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжатда, биринчи галда, Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментини ташкил этиш вазифаси белгиланган. У Халқ таълими вазирлиги тизимида фаолият кўрсатади. Бу эса мамлакатимизда турли фан беллашувлари, жумладан, халқаро олимпиадаларда иштирок этишга муносиб номзодларни аниқ механизм асосида саралайдиган ҳамда болаларнинг пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни яратиб, илмий ва услубий жиҳатдан кўмаклашадиган янги тузилма пайдо бўлганини англатади. Бир сўз билан айтганда, соҳанинг эгаси топилди.
Аслида ислоҳотни анча эрта — Ўзбекис­тон вакиллари учун халқаро фан олимпиадаларига йўл очилган пайтданоқ бошлаш керак эди. Мазкур масала ўн йил олдин ҳам кўтарилган.

Юртимизда илк бор кимё фанидан 42-Халқаро Менделеев олимпиадаси ўтказилиши муносабати билан ташкил қилинган матбуот анжуманида журналистлардан бири шундай нуфузли форумлар учун ўқувчиларимизни мақсадли равишда тайёрлайдиган марказ очиш ҳақида таклиф берганди. Ўшанда мутасаддилар бош чайқаб қўйганди, холос. Аммо амалий ишларга ўтилмади.

Ваҳоланки, ҳамкасбимиз назарда тутган илмий хаблар Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, ҳатто қўшни Қозоғистон Республикасида кўпдан буён мавжуд. Улар нечоғлиқ самарали ишлаётгани мазкур давлатлар терма жамоалари халқаро фан олимпиадаларида кўрсатаётган натижалардан маълум. Масалан, математика бўйича Хитой, АҚШ, Жанубий Корея анъанавий лидерлар сафидан жой олган. Россия, Венгрия, Руминия, Таиланд, Тайвань, эронлик ўқувчилар ҳам пешқадам. Сўнгги йилларда Қозоғистон ўз позицияларини анчагина яхшилади.
Юқоридаги таҳлиллардан кўринадики, Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўйича вазият ўзгармас экан, халқаро фан олимпиадаларидаги нуфузимизни ошириш ҳақида ўйлаш бефойда. Ҳарқалай, Президент қароридан сўнг тизимда тез фурсатда муҳим ислоҳотлар қилинишига ишонамиз. Чунки энди бу нафақат оддий хоҳиш-истак, балки давлатимизнинг қатъий позицияси, таъбир жоиз бўлса, талабидир.
Қарор мазмунига қайтайлик. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар рўйхатини тасдиқлаши керак. Эътибор беринг, матнда “асосий олимпиадалар”, дейиляпти. Демак, республика фан олимпиадалари сони ҳозиргидек битта эмас, балки бир нечта бўлиши кутилмоқда. Мазкур фактни Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Акмал Ҳамидов ҳам тасдиқлади.
— Ҳозирча аниқ рақамни айта олмайман, — дейди А.Ҳамидов. — Таклифлар энди шакллантирилмоқда. Лекин респуб­лика фан олимпиадаларини кўпайтириш ҳақидаги хулосага келинганининг ўзи катта гап. Қарор иловасида қўшимча республика олимпиадаларининг рўйхати ҳам келтирилган. Бундан ташқари, ўқувчилар ўртасида онлайн олимпиадалар ўтказиш тартиби белгиланди. Шу орқали ёшларга билимини синаб кўриш учун кенг­роқ имконият берилмоқда.

Масалан, Россия Федерациясида юздан ортиқ ички олимпиадалар мавжуд. Биттасида ғолиб бўлолмаган бола вақт ўтказиб, кейинги ўқув йилини кутиб ўтирмайди, балки бошқа олимпиадаларда иштирок этишга ҳаракат қилаверади. Муҳими, ўқиб-изланишга, ўз устида ишлашга иштиёқи сўнмайди. Мазкур тизим энди бизда ҳам татбиқ қилинмоқда. Ўйлашимча, тез фурсатда кутилган самарага эришамиз.

Қарорнинг 5-банди барча ўқитувчию ўқувчиларда бирдай мамнуният уйғотганига шубҳа йўқ. Аслида бундан бутун халқ қувонса арзийди. Гап рағбат ҳақида бормоқда.

Бундан буён халқаро фан олимпиадасидан олтин медаль олиб қайтган болага давлат бюджети ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 500 (2-ўринга —
300, 3-ўринга — 200) баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу 100 миллион сўм дегани! Ақлу закоси билан халқаро майдонда Ватанимиз шон-шавкатини юксалтира олган қоракўзларимиз шундай рағбатга (ҳатто, бундан ортиғига!) муносиб, албатта. Ахир, ёш спортчиларимиз катта-катта пул мукофотларидан ташқари, замонавий автомобиль ва янги хонадонлар билан сийланяпти-ку!

— Шу чоққача халқаро фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаган ўқувчи энг кам талаба стипендиясининг атиги 10 баравари, республика фан олимпиадаси ғолиби эса 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланарди, — дей­ди Акмал Ҳамидов. — Ҳозир рағбат суммаси кўп карра оширилди. Қолаверса, халқаро олимпиада ғолибини тайёрлаган ўқитувчи бир марталик пул мукофоти (энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 450 бараваригача)дан ташқари, директор жамғармасидан йил давомида маошига 200 фоизгача устама олиш имкониятига эга. Ғолиб ўқувчи таълим олаётган муассаса директорининг ўзига ҳам навбатдаги ўқув йили учун устама тўланади.
Яна бир гап. Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилаётган янги департамент зиммасига олимпиада ғолиблари ва совриндорларининг келгуси фаолиятини мониторинг қилиш ва қўллаб-қувватлаш вазифалари ҳам юклатилган. Демак, бундай ўқувчилар мактаб ёки лицейни тамомлагач, изсиз йўқолиб кетмайди. Давлат уларни ўз қанотига олади, интеллектуал жиҳатдан юксалишига кўмаклашади ва турган гапки, иқтидорию салоҳиятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Қарорга мувофиқ, олий таълим муассасаларини тамомлаган олимпиада ғолиблари мамлакатнинг истиқболли мутахассислар захирасига киритилиши фикримизни яққол
исботлайди.

Наргиза УМАРОВА