КИТОБЛАР энди йўқ

Ўттиз тўрт йилдан буён бир манзилда истиқомат қиламан. Мактабга икки-уч кўча оралаб борардим. Эсимни танибманки, яқин атрофда фақат битта китоб дўкони бўларди. Пешонасига “Китоблар” деб ёзиб қўйилганди. Ўқувчи пайтимизда синфдошлар билан ё китоб сотиб олиш ёки шунчаки янги келган адабиётларни томоша қилиш учун тез-тез кириб турардик. Ўша вақтда дўкон шинамгина эди.

Бора-бора унинг атрофида бошқа савдо объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, ошхона ва кафелар пайдо бўлди. Манзара кўз ўнгимда ўзгарарди.
Китоб дўкони олдидан ҳар куни юзлаб одамлар ўтиб қайтса-да, аммо уларнинг битта-яримтасини ҳисобга олмаганда, жуда кўпчилиги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш, телефонининг ҳисобини тўлдириш ёки шунчаки қорнини тўйғазиш мақсадида қўшни дўконларга киришини билардим. Шунга яраша “қўшнилар” кундан-кунга чирой очиб, гоҳ ташқи, гоҳ ички кўринишини ўзгартирар, пешонасидаги ёзувлар ҳам эътиборни тортадиган даражада эди.
Улар орасида мен учун қадрдон ва болалик хотираларим билан боғлиқ китоб дўкони, табиийки, савлат тўкиб туролмасди. Ахир, мутолаадан узоқлашган, маънавий эҳтиёжини қондиришга охирги даражадаги масала сифатида қарайдиган жамиятда китоб сотиб, ким ҳам барака топади дейсиз?!

Бугунги тадбиркорлар анойи эмас. Даромад келтирадиган ишга пул тикади. Кунда саноқли харидор кирадиган дўконни юргизишдан кўра, кўчада чайқовчилик қилган афзал. Томоқни ўйлаганлар худди шундай фикрлаши ва айнан шу йўлдан бориши аниқ.

Нима бўлганда ҳам, “Китоблар” энди йўқ. Таассуф!
Ўша кўримсиз, лекин жуда катта маънони берувчи ёзув буткул олиб ташланган. Ўрнида аллақандай инглизча ном турибди. Энди бу ерда мобиль телефонлар учун турли эҳтиёт қисмлари ва аксессуарлар сотилмоқда. Дўкон интерьери буткул янгиланиб, кечки пайт ял-ял ёнадиган қилиб қўйилди. Мана сизга реклама!
Миллионлаб одамларни ўз бағрига сиғдирган, аҳолисининг нафақат турмуш тарзи ва маданияти, балки фикру тафаккури билан бошқа ҳудудларга намуна кўрсатиши керак бўлган пойтахти азимда китоб дўконлари яна биттага камайганидан жуда афсусдаман. Маҳаллаларимизда бундай маънавият масканлари таг-туги билан йўқолиб кетиш ўрнига, аксинча, кўпайиши ва кенгайиши керак эмасми аслида?

Ҳозир уч яшар жиянимга китоб олиб бериш учун шаҳар марказига йўл оламиз. Баъзиларга бу малол келиши, бош­қалар вақтини қизғаниши ёки бошқа бирон баҳона топиши мумкин. Хуллас, масала чигал ва у ҳақда жиддий бош қотириш керак.
Энди, буёғи бозор иқтисодиёти, бизнес оламида рақобатга дош берганларгина омон қолади, дейдиганлар бордир ичимизда. Шундайларга қуйидаги маълумотни етказишни лозим билдим.
Жанубий Кореяда таҳсил олаётган бир танишимдан атайин қизиқиб сўрадим: “Тараққиётнинг юқори чўққисига эришган бу мамлакатда китобга муносабат, китоб дўконларининг аҳволи қандай?” Жавоб мени ажаблантирди.
— Кореяликлар нафақат бадиий асарлар, балки илмий-оммабоп адабиётларни ҳам кўп ўқийди, — дейди танишим. — Сеулдаги китоб дўконлари шунчалик каттаки, ичида адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Аксарияти гипермаркетларда жойлашган. Аҳоли гавжум жойларда жамоатчилик кутубхоналари ҳам фаолият кўрсатади. Шовқин-суронга қарамай, одамлар қулай ўриндиқларга жойлашиб олиб, китоб мутолаа қилаверади.

Қуёш ҳамма ерда бир хил нур сочади. Инсон қилган ишни инсон қилиши мумкин. Унда нега биз, буюк алломаларга бешик бўлган юрт вакиллари китобга ҳурмат, китобхонлик бобида бошқа халқлардан ортда қоляпмиз? Китоб дўконларимиз ёпилса, кутубхоналар анқонинг уруғидек камайиб кетса-ю, индамай юраверсак, фақат қорин ғамида яшасак, ўзимизга жабр-­ку! Кейинги авлодлар бундай лоқайд­лигимизни кечира олармикан?..

Наргиза УМАРОВА