Келин уйга қайтди

Жамият тараққий этиши ва мустаҳкамланишида оиланинг ўрни беқиёс. Оилада соғлом муҳит ҳукм сурса, ота-она бир-бирига меҳрибон, суянчиқ бўлса, фарзандлар комил шахс этиб тарбияланса, бахт тўкис, оила қўрғони бутун бўлади.

Бироқ баъзан ҳаётда бунинг аксини кўрамиз. Ёш оилалар турли сабабларга кўра бузиляпти, болалар тирик етимга айланяпти…
Ажримларнинг олдини олиш мақсадида Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан “Мустаҳкам ва соғлом оила барпо этамиз!” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Яқинда Иттифоқ, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари ҳамда дин вакиллари вилоятнинг олис ҳудудларидан бири — Арнасой туманида бўлиб қайтди.
Аниқланишича, “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган Зулайҳо Босимова ҳамда 1990 йилда туғилган Самад Муродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оилавий келишмовчилик сабаб ўн ойдан буён бирга яшамаётган экан. Мутахассислар аввал ёш келиннинг ота уйига бориб, ўзи ва яқин қариндошлари иштирокида вазиятни обдон ўрганди. Ке­йин Самад Муродов Ёшлар иттифоқининг туман кенгашига чақиртирилиб, имом-
хатиб иштирокида у билан суҳбат ўтказилди.
Иккала ёшнинг ота-онаси билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Охир-оқибат, оила яраштирилди. Зулайҳо келинлик уйига қайтди.
— Жаҳл чиқса, ақл кетиши рост экан, — дей­ди С.Муродов. — Қилган ишимдан пушаймонман. Оила — муқаддас. Энди бахт қўрғоним бузилишига сира йўл қўймайман.

Роҳатой ҚОДИРОВА