Мўйноққача етиб борди

Қорақалпоғистондан Андижонгача, Сурхондарёдан Навоийгача ва қолган барча ҳудудлар. Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳамда ёшлар ҳаётига янги нафас олиб кириши кутилаётган бешта муҳим ташаббус ҳар бир гўшада хайрихоҳлик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Бешта ташаббусдан аҳолини бохабар этиш, ғоясию моҳиятини тушунтириш мақсадида Ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳафтанинг ҳар жума ва шанба кунлари тарғибот тадбирларини ўтказмоқда. Ислоҳот одимлари юртимизнинг энг олис манзили — Мўйноққа ҳам етиб борди.

Мўйноқ нафақат олис, балки ёшлар сони бўйича олди ҳудуд саналади. Айни вақтда туманда 1 миллиондан зиёд 30 ёшгача бўлган фуқаро истиқомат қилмоқда. Бу маҳаллий аҳолининг ярмидан кўпига тўғри келади. Иттифоқ томонидан мўйноқлик­лар ўртасида даставвал сўровнома ўтказилди. Натижалар асосида ҳар бир ташаббус кесимида ёшларнинг қизиқишлари ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.
Рақамлар-ку ўз йўлига, лекин бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани маъқул. Шу нуқтаи назардан, туманда “Беш ташаббус — беш имконият!” шиори остида акция ташкил қилинди. У нақ 22 хил тадбирни ўз ичига олган.
Биринчи ташаббусга доир тадбирлар сирасида “Мўйноқ — менинг нигоҳимда” деб номланган расмлар танловини алоҳида тилга олиш мумкин. Лойиҳада иштирок этган мўйқалам соҳиблари ўз асарларини хонада эмас, балки табиат қўйнида яратди.
Шундан сўнг “Иттифоқ билимдонлари” интеллектуал беллашуви ҳамда “Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳасига старт берилди. Рақс санъати ҳавас­корлари учун эса таниқли хореограф Зибаш Пирлепесова маҳорат дарсини ўтди.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари экосаёҳат доирасида Оролнинг даҳшатли фожиасидан далолат берувчи “Кемалар қабрис­тони”, қолаверса, Қорақалпоғис­тон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг Мўйноқ туманидаги филиали ҳамда “Балиқчининг уйи” уй-музейи экспозицияси билан танишди.
Иккинчи ташаббус бўйича спорт­севар ёшлар турли мусобақаларда куч ва маҳоратини синовдан ўтказди. “Марра бизники!” шиори остидаги югуриш марафонида 400 нафар йигит-қиз ғалаба учун курашди. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги футбол бўйича туман биринчилиги ҳам қизғин баҳсларга бой ўтди. “Ёшлар шахмат тахтаси” мусобақаси ақл гимнастикаси ишқибозларини чин маънода руҳлантириб юборди. Тўғри-да, ахир, тажрибали шахмат устаси Мекан Тураев билан улар ҳар куни учрашмайди-ку!
Президентимиз ташаббусларига хусусий сектор вакиллари ҳам лаббай, дея жавоб бермоқда. Жумладан, мўйноқлик ёш тадбиркор Лилия Ҳайтниязова “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси кўмагида имтиёзли кредит олиб, қиймати 300 миллион сўмлик тренаж­ёр зали ҳамда қўшимча инвестиция маблағлари ҳисобидан сунъий қоп­ламали спорт майдончасини қуришни режалаштирган.
Учинчи ташаббусга мувофиқ, туман ёшларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш ўргатилмоқда. Бунга “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, ТАТУ Нукус филиали талабаси Давид Конарбаев ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Акция кунлари у қизиқувчилар учун интерфаол семинар ўтиб берди.
Тўртинчи ташаббус доирасида уй кутубхоналарини ташкил этиш бош­ланган. Таъминотига Ёшлар иттифоқи қарашмоқда. Масалан, 4-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Азамат Жанабаев хонадонига ҳадя тариқасида йиғилган 200 дан ортиқ бадиий асар етказиб берилди. Яна 500 та адабиётни Иттифоқнинг ҳудудий кенгаши туман Маданият марказига туҳфа этди.
Президентимизнинг бешинчи му­ҳим ташаббуси аёллар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ. Ёшлар иттифоқи шакллантирган рўйхатга кўра, Мўйноқда ишсиз опа-сингилларимиз сони 941 нафарни ташкил қилмоқда. Уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида Ёшлар марказида тикувчилик тўгараги очилди. Машғулотларга 400 нафардан зиёд хотин-қиз жалб қилинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мар­­кази Қорақалпоғистон бўлими мутахассислари томонидан маҳаллалардаги ишсиз аёллар учун бизнес-тренинглар ўтказилди. Умумтаълим мактаб­лари ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчи қизлари эса “Бизнес саёҳат” лойи­ҳаси доирасида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.
— Тренинглар давомида юртимизда тадбиркорларга яратилган имкониятларга тўхталиб, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастурлари ҳақида тушунча бердик, — дейди “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби, ёш тадбиркор Баҳодир Сапартаев.
Баҳодир ўз билимларини улашиш баробарида кам таъминланган оилага тадбиркорлик қилиши учун 20 бош парранда совға қилди.
Шундай қилиб, икки кун давом этган акцияда икки мингдан зиёд йигит-қизга бешта ташаб­бус ҳақида тушунча берилди. Яку­­ний гала-концертда тарғибот тадбирларида фаол иштирок этганлар рағбатлантирилди.

Роҳатой ҚОДИРОВА