Олтинга тенг ғоялар

Ўн еттита юқори технологик стартап, бир-биридан ёрқин ғоялар ва илм-фанни бизнес билан уйғунлаштириш имконияти. Ўзбекистондаги биринчи илмий акселератор —“C.A.T. Science Accelerator”нинг дастлабки натижаларини лўнда қилиб шундай ифодалаш мумкин.

Лойиҳага ҳукуматнинг 2018 йил 11 сентябрдаги “Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ старт берилганди. Унда қатнашиш учун табиий фанлар бўйи­ча тадқиқот олиб бораётган олимлардан 130 та талабнома келиб тушган. Экспертлар гуруҳи 28 та ишланмани саралаб олди. Якуний босқичга фақат
17 таси етиб келди.
Финалга йўлланма олган жамоалар олти ой мобайнида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Юқори технологиялар марказининг замонавий инфратузилмаси — бино, лаборатория ва ускуналаридан фойдаланган ҳолда илмий ишланмаларини такомилга етказди. Бундан ташқари, ёшлар махсус семинар ҳамда тренингларга жалб қилиниб, тадбиркорлик асослари, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, солиқ сиёсати, бизнес-режа тузиш тартиби, шунинг­дек, сармоядорларга стартап лойиҳаларни қай тарзда тақдим этиш кераклиги хусусида тўкис маълумотга эга бўлди.
Таъкидлаш жоиз, акселераторлар инновацион марказлар, инкубаторлар, бизнес-фариш­лар ёки венчур фондлари каби стартап экотизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бундай тизим мамлакатда инновацион фаолиятни йўлга қўйиш учун ниҳоятда зарур. У жамиятда креативликни ошириб, янги ғояларни бизнес лойиҳалар даражасига етказиш, пировард натижада эса иқтисодиётни юксалтиришга имкон беради.
— Стартап ҳаракати Ўзбекистон учун янги ҳодиса эмас, — дейди “C.A.T. Science Accelerator” лойиҳасининг якунларига бағиш­ланган йиғилишда сўз олган Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров.­ — Ёшларнинг ташаббусларини юзага чиқариш учун турли танловлар ўтказилмоқда. Лекин ҳозирча кўпгина стартапларимиз ахборот технологиялари соҳасига тегишли. Ваҳоланки, дунёда айнан илмий лойиҳаларга талаб ортмоқда. Боиси улардан катта даромад олиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, Юқори технологиялар маркази Ўзбекистондаги иқтисодий самараси юқори бўлган илмий ғоялар акселерацияси билан шуғулланишга қарор қилгани айни муддао.
Акселерация жараёни бўлғуси стартаперга нафақат ғояни тайёр тижорий маҳсулотга айлантириш учун керакли билим ва кўникмалар бериш, балки буни амалда қўллаб кўришни ҳам назарда тутади. Аселераторнинг инкубатордан асосий фарқи ҳам шунда.
“C.A.T. Science Accelerator” иштирокчиларига тажрибали менторлар — илм-фан соҳасининг етук мутахассислари ҳамда бизнес кураторлар бириктирилиб, жамоалар ярим йил мобайнида марказ базасида тадқиқот натижаларини синовдан ўтказди. Бир вақтнинг ўзида уларга стартап яратиш технологияси, яъни илмий ишланмадан даромад топиш усуллари ўргатилди.
Финалда ҳакамлар ҳайъати эътиборига олис ҳудудлар аҳолиси учун ичимлик суви етказиб берадиган автоном насос қурилмалари, маҳаллий хомашёдан пектин моддасини олиш, суюқ пластирь, стоматологик нусха кўчириш қоғози, ипакдан жарроҳлик ипларини ишлаб чиқариш технологиялари, қонда глюкоза миқдорини аниқлаб берувчи экспресс-тест, буйрак касалликларига тезкор ташхис қўйиш усули ва бош­қа ўнлаб лойиҳалар тақдим этилди. Стартапларни баҳолаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги, юртимиздаги йирик технопарклар, коворкинг марказлари, бизнес-инкубаторлар вакиллари, тадбиркорлар таклиф қилинди.
Акселераторнинг барча иштирокчиларига сертификатлар топ­­­ширилди. Энг юқори балл тўплаган учта жамоа эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ўнта лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловида иштирок этишга тавсия этилди.

Наргиза УМАРОВА