Пенсия жамғармасининг ёш ходимлари кексалар ҳолидан хабар олишди

9-май. Хотира ва қадрлаш куни. Ҳар йили ушбу кун арафасида инсонни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш каби фазилатларни улуғлайдиган, ўтганлар руҳини шод этиб, Ватан тинчлиги йўлида фидоийлик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонлар қадрланади, хотирланади.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ёшлар Иттифоқи Етакчилар Кенгаши ҳам байрам арафасида бу каби савобли, ўз ўрнида хайрли ишларга қўл уришди.

Пенсия жамғармасининг бир гуруҳ ёшлари Тошкент шаҳридаги ёлғиз, кам таъминланган ва албатта ўзининг фидоий умр йўли билан ёшларга ўрнак бўла оладиган пенсионерлар ҳолидан хабар олишди.

Жумладан, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Абдурахмон бобо ва Жонона аялар хонадонига ташриф буюрилди. Жонона ая бир неча йиллардан буён ёлғиз яшайди. Ўзини йўқлаб келган ёшларни кўриб, кўнгиллари кўтарилиб, кўзларига ёш олдилар. Юртимизни осмони мусаффо бўлишини ва ёшлар келажаги буюк бўлишинии сўраб дуолар қилдилар. Абдурахмон ота билан ўтмиш хотиралари ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ажойиб сухбат бўлиб ўтди.

Яккасарой туманида истиқомат қилувчи нуроний онахонларимиз  Рахима ва Нуринисо аялар ҳам байрам арафасида ёшларни кўриб хурсанд бўлишди. Ўзларига бўлган меҳр ва эътибордан бошлари кўкка етганликларини таъкидлаб, қўлларини дуога очишди.

 

Пенсия жамғармаси Ёшлар Иттифоқи Етакчилар Кенгаши