Тараққиётнинг бешта таянчи

Бўка янгиликлари

Беш ташаббуснинг илк тажриба манзили — Бўкада бунёдкорлик ва ободонлаштириш, ёшлар учун қулай шароит яратиш ишлари бир зум тингани йўқ. Сўнгги кунларда
49 та умумтаълим мактаби­га баскетбол, волейбол, гандбол, футбол тўплари, бадминтон анжомлари етказиб берилди. Мактаблардаги 95 та тўгаракни мусиқа жиҳозлари билан таъминлаш учун 244 миллион, ахборот технологияларини етказиб бериш учун 1,9 миллиард сўм ажратилди. Мавжуд 762 та тўгаракка 23 минг 223 ўқувчи жалб этилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига қараганда, тумандаги мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 10 миллиард, ободонлаштириш учун қўшимча 2 миллиард сўм ажратилди. Чекка ҳудудларда ташаббускор тадбиркорлар кўмагида 5 та хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилмоқда.

Қуйида тумандаги сўнгги янгилик­ларни қисқача санаб ўтамиз:
10 та умумтаълим муассасасига Жанубий Кореянинг “Booyoung Housing Co Ltd” компанияси гранти асосида пианино етказиб берилди;
ўқувчиларни Ўзбекистон тарихи билан яқиндан таништириш мақсадида дарс­ларни музей, тарихий обида, мўътабар қадамжо ва театрларда амалий тарзда ташкил этиш учун 60 миллион сўм ажратилди;

спорт иншоотлари (сунъий қопламали футбол майдони, сузиш ҳавзаси, фитнесс клуб ва бошқа) спорт объектларини барпо этиш таклифини билдирган 10 тадбиркордан 4 нафари қурилиш ишларини бошлаб юборган. Қолган 6 тадбиркорнинг таклифи ўрганиб чиқилмоқда;
спорт жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида, 3-мактабга 2,2 миллиард, 28-мактабга 24 миллион, 39-мактабга
41 миллион сўм ажратилди;
Бўстон маҳалласида тикувчилик цехларини қуриш ишлари якунланиб, яна 600 нафар хотин-қизнинг бандлиги
таъминланди.

Ҳасан УСМОНОВ,
Шоира КОМИЛОВА