Учар таксилар хизмати йўлга қўйилади

Германиянинг “Lilium” компанияси томонидан ишлаб чиқилган дунёдаги биринчи учувчи таксилар синовдан муваффақиятли ўтди.
BBC хабарига кўра, беш йўловчига мўлжалланган қурилма электр энергияси қувватида соатига 300 километр тезликда ҳаракатланади. Қурилманинг бир тўлиқ энергия қуввати бир соатлик парвозга сарфланади.
Унинг парвози 36 та электромоторнинг ҳаракат кучи асосида амалга ошади.
Бундан аввал бир қанча компаниялар томонидан шунга ўхшаш учар таксилар кашф қилинган эди. Улар “Lilium” учар таксиларидан ўз бортига икки кишидан ортиқ йўловчини сиғдира олмаслиги билан фарқланарди.
– Аэротаксининг янги ва самарали хизматга лойиқ турини кашф этишда кўп сонли йўловчиларни сиғдира олиш имкониятини изладик, – дейди лойиҳанинг ижрочи директори Дэниел Виганд. Шунингдек, келгусида ҳаво таксисининг мукаммал турини юкхона билан жиҳозлашни режа қилмоқдамиз.
Компания ушбу тур ҳаво кемаларини 2020 йилларнинг ўрталарига бориб оммавий ишлаб чиқаришни, ушбу янгилик билан дунёнинг бир неча ривожланган мамлакатларида учар таксилар парвози тизимини жорий этишни режа қилган.
З.Мирзабоева, ЎзА