ШАРДА ДИПЛОМИ Ўзбекистонда ҳам, Ҳиндистонда ҳам тан олинади

Болалигимда хорижда ўқиб, етук мутахассис бўлишни орзу қилардим. Аммо чет элда ўқишнинг ўзи бўлмайди. Ахир ўзга юртда, яқинларимдан узоқда яшаш осон эмас. Боз устига, хорижда таълим олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Шундай важлар туфайли болалик орзуларимдан воз кечдим… Қизиғи, бугун мен каби орзуманд ёшлар мусофирчиликда юришига ҳожат қолмади. Юртимизда чет давлатлардаги нуфузли университетларнинг филиаллари очилмоқда. Шундай муассасалар сони яна биттага ортади — Андижонда Ҳиндистоннинг Sharda Educational Trust университети филиали иш бошлайди.
Қувонарлиси, вилоят ҳудудида университет учун шаҳарча қурилади. Бу ерда илмий-тадқиқотлар ўтказилади ҳамда ёш кадрлар амалиёт ўтайди. Бир сўз билан айтганда, илм шаҳри бўлади. Университет қошида ўқув бинолари, лаборатория базаси бунёд этилади.
Университет кутубхонаси замонавий методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан бойитилади. Талабалар Шарда университетининг Ҳиндистондаги ахборот-ресурс базасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Таълим сифатини яхшилаш учун филиалга хориждан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади.
Муассасада дарслар инглиз, ўзбек ва рус тилларида, кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида олиб борилади. Ўқув режа ва дас­турлар юртимиздаги давлат таълим стандартлари инобатга олинган ҳолда Шарда университетининг таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилади.
Муассасада электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компьютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникация инжинеринги, бизнес-менежмент ва бошқа йўналишларда халқаро стандартлар даражасида малакали мутахассислар тайёрланади.
Таълим ва илмий-техникавий соҳаларда етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан муносабатлар мус­таҳкамланади. Натижада бу ерда тайёрланаётган мутахассислар хорижда малака оширади.
Кўпчиликни қизиқтираётган му­ҳим жиҳат — битирувчиларга юртимизда ҳам, Ҳиндистонда ҳам тан олинадиган диплом берилади.
Таълим даргоҳи 2019-2020 ўқув йилидан талабаларни қабул қила бошлайди.

Дилфуза ЖАМОЛОВА