Юртни севиш — шараф

Юртни севиш — шараф

9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб юртимиз ҳудудларида ёшлар иштирокида турли маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Жойлардан мухбирларимиз хабар беради.

Хоразм

Янгиариқ туманидаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари куни кеча 98 ёшли Исмоил Юсупов билан учрашди. Уруш фахрийси фронтда кўрган-кечирганлари ҳақида сўзлар экан, болалар кўз ўнгида тарих мисли жонлангандек бўлди. Улар тинч­лик инсоният учун ҳамиша улуғ қадрият бўлиб қолиши кераклигини теран англади.

Хивалик Иброҳим Машарипов ҳам Иккинчи жаҳон уруши жанг­гоҳларидан омон қайтган ўғлонлардан бири. Ҳозир отахон 96 ёшда. Ўша машъум йиллар худди кечагидек эсида. Эсласа, кўзи ёшга тўлади.
Хотира ва қадлаш куни муносабати билан Хоразмда “Шараф лентаси” акцияси ҳам ўтказилди. Ёшлар иттифоқи аъзолари Миллий гвардия ва ҳарбий қисм хизматчилари билан бирга давлатимиз байроғи акс этган ленталарни кўплаб хорижий сайёҳларга ҳам тарқатди.
— Ўзбекистонга илк ташрифим ажойиб байрамга тўғри келганидан хурсандман, — дейди кореялик меҳмон Чо Хён У. — Шараф ленталари эътиборимни тортди. Менимча, бу ўзига хос ватанпарварлик рамзи бўлса керак. Оила аъзоларим учун ҳам ленталар олдим. Юртингизда уруш фахрийлари ва умуман, кекса авлод вакиллари қанчалик шарафланаётгани ҳақида уларга, албатта, гапириб бераман.

Сурхондарё

Қумқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабида “Хотира — абадий, қадр — муқаддас!” шиори остида ўтказилган хотира кечасида таълим даргоҳининг собиқ устоз-мураб­бийлари, маҳалла нуронийлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда мудофаа тизимининг туман бўлимлари вакиллари иштирок этди.

Меҳмонлар тантанали тарзда кутиб олинди. Ёшлар иттифоқининг етакчи ва сардорлари отахонлар кўксига “Шараф лентаси”ни тақиб қўйди. Бундай эътибор уларнинг кўнглини шод этди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар тайёрлаган мавзуга доир саҳна кўринишлари, видеороликлар намойиш этилди. Шеърлар ўқилиб, жонли ижрода куй-қўшиқлар янгради. Байрам дастури меҳнат фахрийлари ва нуронийларга хуш кайфият улашди.

***

Термиз тиббиёт коллежида
Иттифоқнинг шаҳар кенгаши ташкил этган маънавий-маърифий тадбир “Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч” деб номланди.

Унда фахрийлар, таълим муассасасининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди. Ёш авлодни ватанпарварлик, аждодлар хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳимлиги қайд этилди.
Сўнгра коллеж ўқувчилари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси М.Ҳодиев ҳолидан хабар олди. Отахон 92 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳали ҳам бардам-бақувват. У ёшларга тинчликнинг қадрига етиш, юртимизда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини уқтирди.
— Давлатимиз кексаларга ғамхўрлик кўрсатмоқда, — дейди М.Ҳодиев. — Урушда бир оёғимдан айрилдим. Лекин шунда ҳам яшашга умидим сўнмади. Ватанимга қайтиб келиб, бир эмас, икки олий ўқув юртини тамомладим. Ҳаётимдан сира нолимайман. Ҳаммаси учун шукр!

Қорақалпоғистон

Байрам олдидан нукуслик бир гуруҳ ёшлар Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мусо Ерниязов ҳамроҳлигида уруш қаҳрамонлари — Нурулло Абдуллаев ҳамда Назарбай Тажибаевни йўқлаб хонадонларига борди. Нуронийларга Президент номидан пул мукофотлари топширилди. Эсдалик сифатида маиший техника буюмлари ҳам совға қилинди.

Йигит-қизлар отахонларнинг самимий суҳбатидан баҳраманд бўлиб, дуосини олди. Баттол уруш манзаралари тилга олинганда барчанинг кўзига ёш келди.
— Дориламон кунларни кўрганимдан бахтиёрман, — дейди Нурулло Абдуллаев. — Аллоҳ менга солиҳ фарзандлар, 14 нафар невара, 5 нафар чевара ато этди. Ёшларни фақат бир нарсага даъват этаман — ўқиб-изланинг, юртингиз, халқингиз учун фойдали инсон бўлинг. Шунда Ҳақ ҳам сизни сийлайди.
Тўрткўл туманида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши катнашчиси Иван Галенконинг уйи ҳам ёшлар билан тўлди. 40-умумтаълим мактабидаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари фахрийни гул ва эсдалик совғалар билан йўқлади. Иван ота фронт хотиралари билан ўртоқлашди. Ўғил-қизларни юртни севиш ва ардоқлашга
чорлади.

Тошкент

Оққўрғон туманидаги 9-умумтаълим мактабининг сардор ўқувчилари ҳам хотира акциясини ўтказиб, уруш ва меҳнат фахрийларига байрам табрикларини етказди. Ёшлар Умрзоқ Алибоев, Абдулаҳад Шамсиддинов, Нургул ва Абдуваид Бўкабоевлар, Ҳикмат Абдураимов, Пардабой Эргашев хонадонларида бўлди. Кексаларнинг ўтмиш хотираларини тинглаб, фотоальбомлари билан танишди.
— Уруш бошланганида тўрт яшар бола эдим, — дейди Пардабой Эргашев. — Қишлоғимиздаги ҳамма эркаклар фронтга сафарбар этилди. Дала ишларию уй юмушлари кексалар ва аёллар зиммасида қолди. Кечаю кундуз меҳнат қилардик. Жангчиларга иссиқ кийим ва озиқ-овқат етказиб бериш учун томорқаларда етиштирилган буғдой ва маккажўхори давлат ихтиёрига топширилган. Ўқитувчилар йўқлиги туфайли мактаблар ҳам ёпилди. Ҳар куни урушда ҳалок бўлганлар тўғрисида қора хатлар келарди. Шунча қийинчиликларга қарамай, халқимиз ғалаба руҳи билан яшади. Бу кунлар энди ҳеч қачон бошимизга тушмасин, дейман. Тинчлик — улуғ неъмат. Унинг қад­рига етайлик.

Қашқадарё

Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши ташаббуси билан Яккабоғ туманидаги 48-умумтаълим мактабида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий гвардия, Ёшлар иттифоқи вакиллари, “Мучим” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, устоз-мураббийлар, ота-оналар ҳамда ўқувчилар иштирок этди.
Учрашувда ёшларда Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, эл-­юрт манфаатларини барча жабҳаларда ҳимоя қилишга интилиш, мафкуравий таҳдидларга қарши мус­таҳкам иммунитетни ҳосил қилиш бугунги куннинг доларб масалалари экани қайд этилди.
Шундан сўнг тадбирнинг ба­диий қисми бошланди. Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, мактаб ўқувчилари ижросидаги гўзал рақслар, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан тайёрланган қўл жанги усуллари бўйича кўргазмали чиқишлар йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.
Якунда аълочи ўғил-қизларга Иттифоқнинг кўк­рак нишони, бадиий адабиётлар ҳамда фахрий ёрлиқлар топширилди.

Роҳатой ҚОДИРОВА
тайёрлади.