Ҳоким ёшларни эшитди

Элликқалъа туманидаги санъат саройининг ёзги дала шийпонида туман ҳокими Сейдамат Авезов маҳаллий ёшлар билан учрашди. “Ибратли тенгдошим” мавзуидаги мулоқотда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда вақтинча ишсиз ёшлар қатнашди.

Учрашувга туман мутасаддилари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси, мудофаа ишлари бўлими, Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгаши, шунингдек, бир қанча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилинди.
Туман ҳокими сўзга чиқиб, ёшларга яратилган шароитлар хусусида тўхталди. Навқирон авлоднинг орзу-интилиш­ларини қўллаб-қувватлаш давлатимиз эътиборидаги масала экани таъкидланди. Сейдамат Авезов туман ёшлари турли фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақаларида пешқадамлик қилаётгани ҳақида мамнуният билан гапириб, бундай ютуқлар замирида доимий эътибор ва меҳнат ётганини, Ватанимиз довруғини жаҳонга ёяётган йигит-қизлар сафи янада кенгайиши кераклигини қайд этди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида Иттифоқ фаоллари, ёш тадбиркор, фермер, ҳунармандлар турли саволлар билан ҳокимга мурожаат қилди. Баъзи масалалар жойида ҳал этилди. Атрофлича ўрганилиши зарур ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, шунингдек, спорт ва санъат йўналишларида фахрли ўринларни эгаллаган ёшларга китоб ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Тадбир меҳнат ярмаркаси билан якунланди.

Озода РЎЗИМОВА