1-ТАШАББУС

Ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш,

истеъдодини юзага чиқариш

МУАММОЛАР

1. Юртимиздаги 800 дан ортиқ маданият маркази, 312 та мусиқа ва санъат мактаблари атиги 130 минг ўғил-қизни қамраб олган.
2. Мазкур муассасаларда ўқув-қўлланмалари, ноталар тўп­лами, мусиқа асбоблари ва жиҳозлар етарли эмас.
3. Соҳада мавжуд ресурслардан унумли фойдаланилмаяпти.
4. Малакали мутахассис-мураббийлар етишмайди.
5. Маданият ва санъат тўгараклари сони кам.

ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

Маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, 1 минг 500 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилади.
Маданият марказларида бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр студиялари ва ёшлар клублари ташкил этилади.
Муайян мавзулар бўйича музей, тарихий обида, қадамжо ва театрларда сайёр тарих дарслари ўтказилади.
Ёшларнинг қизиқишлари таълим муассасаларидаги бош­ланғич ташкилот етакчилари ҳамда маҳалла фаоллари кўмагида сўровномалар орқали аниқланади. Шунингдек, ўғил-қизлар ўз қизиқишларини @beshtatashabbus телеграм-боти орқали маълум қилиши мумкин.
Ҳудудларда ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, қўшимча тўгараклар очилади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Японияда ҳар бир мактаб хор жамоасига эга. Шу йўсинда ўқувчиларда нозик дид ҳамда мусиқий маданият тарбияланади. Масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор. Мазкур тажриба ёшларда жамоавий руҳни шакллантиради.

Расулжон Каримов,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши маънавий-маърифий масалалар бўлими мудири:

— Мусиқа ва санъат мактаб­лари, маданият марказларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш биринчи галдаги вазифамиз. Бунинг учун фаолияти тугатилаётган академик лицей ва коллежлар моддий-техник базасидан унумли фойдаланиш лозим. Бундан ташқари, ташаббускор тадбиркорларга маданият масканларини барпо этиши учун ер майдонлари, имтиёзли кредитлар ажратиш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда вокал-чолғу ансамбллари, барча таълим муассасаларида хор жамоаларини ташкил этиш ёшларда жамоавийлик руҳини шакллантиради.
Ёзги таътилда Ёшлар иттифоқининг “Ёзни камалак билан” лойиҳаси доирасида ёшларнинг атиги ўн фоизини қамраб олишга қурбимиз етади. Қолган ўқувчилар бўш юрмаслиги учун мактабларда қўшимча тўгараклар очиш, компьютер синф­ларида мураб­бий назорати остида машғулотлар, ўйинлар ташкил этиш режалаштирилган. Ёшларни адабиёт ва санъатга қизиқтириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кўмагида таниқли ёзувчи-шоирлар, театр соҳасига қизиқувчилар учун актёрлар иштирокида болалар оромгоҳлари ва маҳаллаларда учрашувлар ўтказилади.