“100 доллар берсанг, қизимни кўргани бораман”

Ҳамшира қўлимга томчи дорини улаб қўйиши билан қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонданми ёки гапираётган одамнинг овози баландлигиданми, нариги томондан асабийлашаётган эркакнинг гаплари аниқ эшитиларди: “Нега ҳадеб телефон қилаверасан, нима керак ўзи сенга?” Ҳамширанинг юз-кўзидан босиқлик билан жавоб қайтаришга уринаётгани кўриниб турарди: 
– Олти йил давомида сизни бирор марта безовта қилмадим. Алимент тўламаслик баҳонасида ажримни ҳам чўзиб келяпсиз. Қизингиз эртага 12 га киради. Мучал ёши. У ҳар куни сизга хат ёзади, хатларининг кўплигини кўрсангиз, ҳайрон қоласиз. Укаси йиртиб қўймаслиги учун асраб-авайлайди, беркитади. Ўғлингиз яқинда 6 ёшга киради. Сизни танимайди ҳам. Қизингиз туғилган кунимга ҳеч нарса керакмас, фақат дадамни кўришни хоҳлайман, деяпти. Ҳеч бўлмаса, қизингизни кўнгли учун келиб кетинг…
Эркакнинг истеҳзоли кулгани, сўнг ғўлдираниб, “Яхши, унда 100$ берсанг бораман”, деган ёқимсиз овози эшитилди.
Ҳамшира кутилмаган гапдан қотиб қолди. “Нималар деяпсиз? Ахир…” деб гапини тугатмасидан эри: “Бўлмаса, бормайман”, деганича телефонни ўчириб қўйди.
Бу қандай отаки, соғинчдан ўксиб ўсаётган ўз фарзандига дийдорини кўрсатиш учун пул талаб қиляпти?! Эй, Худойим, одамларнинг бағри шунчалик тошми ?!”, дейман ўзимга ўзим.
Шу пайт аксига олиб игна ҳам томиримдан чиқиб кетди. Ҳамшира томирга қайта тушишга уринди. Қўллари асабдан титрар, кўзлари жиққа ёш. Гўёки, энди томиримга дори эмас, синган аёл қалбининг изтироб, алам, ўкинч аралаш кўз ёшлари томчилаб, сизиб кираётгандек эди…
Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист

ЎзА