2-ТАШАББУС

Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш

МУАММОЛАР

1. Юртимизда 12 мингдан зиёд спорт иншооти бўлиб, уларнинг ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш қуввати етарли эмас.
2. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича ўртача 56 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё вилоятида атиги 12 фоиз, Хоразмда 14 ва Қорақалпоғистон Республикасида 15 фоиз.
3. Умумтаълим мактабларида болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун спорт заллари, жиҳозлар ва малакали мураббийлар етишмайди.

ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

Туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига малакали мутахассислар жалб этилади.
Ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражаси ўрганилади.
Ёшлар ўз қизиқиши бўйича жисмоний тарбия ва спортга жалб этилади.
Яқин икки йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сенд­вич панелли кичик спорт заллари қурилади.
Ёшларнинг физиологик ва психологик имкониятларидан келиб чиқиб, уларни спорт турларига йўналтириш.
Тадбиркорларга “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Хитойнинг “AVIC INTL” компанияси билан ҳамкорликда Спорт реабилитация марказини ташкил этади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

— АҚШда ёшларни тарбиялашнинг муҳим воситаси сифатида спортга алоҳида аҳамият берилди. Ҳукумат спорт ташкилотлари фаолиятини назоратга олди. Жисмоний тарбия ўқитувчиларини тайёрлаш, уларга молиявий ёрдам беришни кўзда тутувчи қонунлар ишлаб чиқилди. Олий ўқув юртларининг миллий ассоциацияси (NKAA) тузилди;
— Францияда 1920 йилда мактаб ёшигача бўлган болалар ва мактаб ўқувчиларининг жисмоний тарбияси ҳақида қонун қабул қилинди. Ҳарбий вазирлик ўқув юртларида жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида низомни тасдиқлади.

Умид РАЖАБОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Спорт ва саломатлик бўлими мудири:

— Ёшларни спортга кенг жалб этиш, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида Иттифоқнинг туман ва шаҳар кенгашларида штаблар ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ОИВ/ОИТС касаллиги, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, кашандалик каби иллатларнинг олдини олишга қаратилган “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” акциялари, “Ёшлар спорт ҳафталиги”, “Ёшлар марафони” каби тадбирлар ўтказиляпти.
Бош мақсадимиз — ёшлар ўртасида соғлом рақобат асосидаги мусобақа руҳини яратиш. Натижада спорт тўгараклари очилади, тизимга малакали мураббийлар жалб этилади, ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтади, чиниқади. Муҳими, бу тўгаракларда профессионал спортчиликка дастлабки қадам қўйилади.