3-ТАШАББУС

Аҳоли ва ёшларнинг компьютер ҳамда
интернет технологияларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш

МУАММОЛАР

1. Ёшларнинг IT соҳасини пухта эгаллашига имкон берадиган қўшимча таълим дастурлари йўқ.
2. Қишлоқларда компьютер ва интернет хизматлари етарли даражада кўрсатилмайди.
3. Робототехника ва дастурлаш бўйича тўгараклар мавжуд эмас.
4. Таълим жараёнида ўқувчи ҳамда талабалар инновацион фаолиятга жалб қилинмайди. Стартап лойиҳалар яратишни билмайди.
5. Умумтаълим мактабларининг ҳаммаси ҳам интернет тармоғига уланмаган.

ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

Туман ва шаҳарларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилинади. Ёшларга электрон тижорат ва дастурлаш, IT соҳасида стартап лойиҳалар яратиш бепул ўргатилади.
2021 йилгача барча мактаблардаги компьютер синфлари юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминланади.
Ҳудудларда тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан компьютер ўйинлари марказлари очилади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Россия Федерацияси таълим вазирлиги “Ўқувчиларнинг робототехника бўйича ижодий қобилиятини ҳамда илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Унга кўра, мактабларда робототехника тўгараклари ташкил қилинган. Махсус хоналар ажратилиб, “RoboRobo”, “Moway” ускуналари, “Lego” конструкторлари билан жиҳозланган. Ўқув машғулотлари болаларда ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.

Алишер ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни жорий этиш бўлими мудири:

— Ёшлар ахборот технологияларига у ёки бу даражада қизиқади. Аммо айнан қайси жабҳасига деган саволга ойдинлик киритиш зарур. Ҳозир шу иш билан шуғулланяпмиз. Иттифоқнинг барча маҳаллий кенгашлари вакиллари хонадонма-хонадон юриб, йигит-қизларнинг қизиқишини ўрганмоқда.
Бунда қуйидаги мантиққа таянамиз: агар бола дастурлашни ўрганмоқчиман, деса, демак, у истиқомат қилаётган ҳудуд ёки ўқиётган мактабида компьютер техникаси етарли, билим бера оладиган мутахассис ҳам бор. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, махсус курслар ташкил қилса бўлади. Борди-ю, компьютер ўйинларига қизиқаман, деган жавобни олсак, унда инфратузилма ҳақида жиддий бош қотиришга тўғри келади.
Яна бир гап. Тўгараклар очганингиз билан ҳамма ерда ҳам малакали ўқитувчи топилмаслиги мумкин. Айтайлик, дастурлашни амалиётчи мутахассис ўргатгани маъқул. Лекин унинг хизмати катта пул туради. Ҳозир бир қанча ечимларни синаб кўряпмиз.
Масалан, пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Ёшлар марказида баъзи хоналар IT компанияларга имтиёзли нархда ижарага берилмоқда. Улар офисини шу ерда очяпти, лекин эвазига маҳалла ёшларини дастурлашга бепул ўқитиб беради. Дастурчидан дарс олиш барибир бошқача. Самара юқори бўлади. Кейинчалик бу компаниялар қобилиятли ўқувчиларни ўзларига ишга олиб қолиши ҳам мумкин.
Мен айтган тизим кўпроқ шаҳарда ўзини оқлайди. Олис ҳудудлар нима қилиши керак? Айни вақтда “Рақамли авлод старатегияси”ни ишлаб чиқяпмиз. Ғоя шундайки, вилоятлардан ахборот технологияларига қизиқадиган ёшларни тўп­лаб, улардан IT тренерлар тайёрламоқчимиз. Кейин улар ўз қишлоғига бориб шу тажрибани давом эттиради. Ҳозирча бу режадаги иш. Аммо, ўйлайманки, тез орада уни амалга ошириб, кутилган натижага эришамиз.