4-ТАШАББУС

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш

МУАММОЛАР

1. Республикамизда атиги 2 минг 898 та (2018 йил 1 январь ҳолатига) кутубхона мавжуд.
2. Қишлоқ ва овулларда бор-йўғи 968 та кутубхона бор. Чекка ҳудудларда яшайдиган ёшларнинг китобга эҳтиёжи қондирилмаган.
3. Аксарият мактаб кутубхоналари фақат дарслик китобларини тарқатиш ва йиғиб олиш учунгина ишлайди.
4. Жойларда китоб дўконлари етарли эмас.
5. Ахборот-ресурс марказлари ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмаяпти.

ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида бадиий, маърифий, ижтимоий мавзуларда китоблар чоп этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда китоблар етказиб берилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир шаҳар ва туман марказида биттадан намунали китоб дўкони ташкил этади.
Шаҳар ва туманларда кўчма китоб павильонлари жойлаштирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Библиобус”лар орқали қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатилади.
Ахборот-кутубхона марказларида капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очилади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Жанубий Кореяда деярли барча йирик савдо мажмуаларининг бир қисми халқ кутубхонаси учун ажратилган. Улардан ҳамма бирдек беминнат фойдалана олади. Мутолаа учун яратилган қулай шароит ёшу қарини ўзига тортади. Кутубхоналарга китоб совға қилиш анъанаси кенг тарқалган.

Актам ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс­титути директори:

— Бозор иқтисодиёти қонунлари устувор жамиятда маънавий қадриятлар қайтадан шаклланади, анъанавий қадриятлар ўрнига янгича қоидалар кириб келади, бу табиий жараён. Барча ривожланган мамлакатлар шу босқичдан ўтган. Муаммонинг ечими китоб мутолаасига бориб тақалади. Фақат бундай вазиятда моддий манфаат ва фундаментал билимнинг кесишадиган нуқтасини кўрсатиб бера олишимиз керак бўлади. Моддий маблағ топиш учун ҳам аслида билим керак, аммо китоб ўқимаган, маърифатсиз одамлар моддий жиҳатдан бой бўлиши билан бирга, жамиятни маънавий таназзулга ҳам етаклаши мумкин. Моддиятпарастликка ружу қўйиб, ботқоққа ботган халқлар ибрат бўлиши керак. Бугун мамлакатимизда кенг ёйилган китобхонлик тарғиботи зиё орқали жамиятни соғломлаштиришга қаратилган.
Ташаббус доирасида “Библиобус”лар, янги кутубхоналар ташкил этиляпти, мавжудлари капитал таъмирланиб, адабиётлар билан тўлдирилмоқда.
Бу ишлар янада самарали бўлиши учун инс­титутимиз жамоаси таклифларни тайёрлади. Таклифлардан бири: фақат китоб ўқиладиган, яъни асарларнинг аудио ёзувини тайёрлаб, мунтазам эфирга узатадиган теле ва радиоканаллар очиш. Ёки мавжуд теле ва радиоканалларда 24 соат турли рукндаги адабий асарларнинг аудиоёзувини тинг­лаш имкониятини яратиш зарур. Бу амалий ҳаракат турли ижтимоий қатламларда китобхонликка қизиқишни кучайтиради. Куннинг исталган пайтида аудиокитоб тинглаш имкони пайдо бўлади.
Иккинча таклиф: ўғил-қизлар ўртасида китобнинг аудио ёзувини яратиш бўйича Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари етакчилигида республика танловини ўтказиш. Танловнинг республика босқичига чиққанлар телеэкран ва радио орқали китоб ўқиб берса, энг муносиб ёшлар телерадиоканалда махсус рукнларга жалб этилса, ёшларда китоб ўқишга иштиёқ янада кучаярди.