5-ТАШАББУС

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш

МУАММОЛАР

1. Ҳудудларда хотин-қизларга мос иш ўринлари йўқ.
2. Иш ҳақи кам.
3. Бор иш ўринларига эса транспортда қатнаб ишлаш муаммоси мавжуд.
4. Хотин-қизларни касбга йўналтиришга мўлжалланган тўгараклар йўқ.

ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

2019-2020 йилларда барча туманларда сендвич панеллардан 195 та тикув-трикотаж корхонаси ташкил этилади.
Корхоналарни қуриш учун аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп бўлган ҳудудлар танлаб олинган.
Бу каби корхоналарни ташкил этиш натижасида хотин-қизлар учун
24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Жанубий Кореяда ёшларни касбга тайёрлаш таълим муассасасидан бошланади. Маълум бир касбга ихтисос­лашган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинчалик фикридан қайтиб бошқа соҳа бў­йича ишламоқчи бўлган фуқаро иккинчи касбга қабул қилинмайди. Яъни у ўқиган, йўналтирилган касбини мукаммал билади. Иккинчи касб ҳақида тўла тасаввури йўқлиги боис, юқори малакали мутахассис ишлаши лозим бўлган иш ўрнини банд қилади, холос.

Бунёд Ғафуров,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бандликка кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя бўлими мудири:

— Бугунги кунда аксарият аёллар уй-рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси билан банд. Бу улар ишлашни хоҳламайди дегани эмас. Турмуш ўртоғи рухсат бермагани, қайнона-қайнотасига хизмат қилиш масъулияти мавжудлиги каби менталитетга хос анъаналар мавжуд.
687 мингдан зиёд ишсиз ёшлар аниқланган бўлса, бунинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилиб, аёллар ва қизларнинг қизиқиши ўрганилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун уч йўналишда иш олиб боряпмиз.
Аввало, 2019 йил якунига қадар манзилли дастур доирасида Ёшлар марказлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда касб-ҳунар коллежлари базасидан фойдаланган ҳолда тикувчилик, тўқувчилик ва бошқа йўналишлардаги тўгаракларда
422 минг нафар ёшлар касб-ҳунарга қайта тайёрланади.
Иккинчи йўналиш хотин-қизлар учун иш ўрни яратишга қодир бўлган тадбиркорлик субъектларини “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси орқали молиялаштиришга қаратилган. Учинчи йўналишимиз мавжуд корхона ва ташкилотларга аёллар ва қизларни имкониятидан келиб чиқиб ишга жойлаштиришдан иборат.
Бундан ташқари, Ёш ҳунармандлар портали лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Бунда уста ҳунармандлар ва уларга бириктирилиши мумкин бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилмоқда. “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойи­ҳаси ҳам истиқболли. Деҳқончилик қилиш истагини билдирган хотин-қизларга ғалла майдонидан бўшаган ерларни бир гектардан бериш масаласи ҳам кўзда тутилган.