Ёш шоирага Президент совғаси

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан барча шаҳар ва туманларда тадбирлар ўтказилди. Нурафшон шаҳри Ёшлар марказида бўлиб ўтган маросимда ёш шоира Зилола Шомуродовага Президент совғалари топширилди.
Зилола Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 35-умумтаълим мактабининг 5-синфида ўқийди. 2017 йилда унинг “Онажонимга совға” номли биринчи китоби чоп этилган. Шоира қиз “Камалак юлдузлари” танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган. “Ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланма олган.
Зилола яқинда юртимиз ҳақида шеър ва самимий тилаклари билдирилган хат ёзиб, Президентимиз номига йўллади. Ёш авлодга барча шарт-шароитларни яратиб бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўз фаолиятининг асосий мезонларидан бири деб биладиган давлатимиз раҳбаридан Зилола Шомуродовага жавоб хати келди.
6.jpg
Тадбирда ушбу хатни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. Президентнинг ёш шоирага йўллаган мактубида шундай жумлалар бор:
“Мурғак юрагингда шу юртга дахлдорлик, чинакам ватанпарварлик, чексиз садоқат ва муҳаббат туйғулари жўш уриб турганини ҳис қилиб, жуда мамнун бўлдим.
Она Ватанимизнинг ишончини оқлаш, халқ хизматига ҳамиша шай туришни олий мақсад билиб вояга етаётган, шу йўлда тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганиб, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган болаларимиз халқимизнинг фахри-ифтихоридир.
2.jpg
Сен каби минг-минглаб фарзандларимнинг бахтини мен ўзимнинг бахтим, деб биламан”.
Бу мамлакатимизда ҳар бир инсон, ҳар бир мурожаат эътиборда эканининг яна бир исботи бўлди. Президентимиз мактуби шоира қизга, унинг оиласига, устозларига, тенгдошларига катта хурсандчилик бағишлади.
Зилоланинг отаси Музаффар Раҳимов устачилик билан шуғулланади, онаси Лобар Қўчқорова уй бекаси.
8.jpg
5.jpg
–Уч фарзандим бор. Қизим Зилола “Президентимизга бағишлаб шеър ёздим, у кишига юбораман”, деганида оддий мактаб ўқувчисининг мурожаатига давлат раҳбари томонидан бундай катта эътибор қаратилишини кутмаган эдик. Давлатимиз раҳбарининг хати ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, бошимиз осмонга етди. Бу оиламиз учун энг қадрли хат бўлиб қолади. Бир бошловчи шоира ёзган шеърга шундай катта эътибор бергани, оддий ўқувчи қизнинг хатига самимият билан жавоб қайтаргани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Давлатимиз раҳбарининг хати, қимматбаҳо совғаси қизимни ҳам, бошқа болаларни ҳам келгусида астойдил ўқишга руҳлантиради, – деди Зилоланинг онаси.
Зилола каби болаларнинг ижодга, адабиётга қизиқиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус, китобхонлик учун яратилаётган шароитлар самарасидир. Бундай имкониятлар бошқа соҳаларда ҳам ёшларнинг истеъдод ва салоҳияти юзага чиқишига, бинобарин, Ўзбекистонимиз ривожланган давлатлар қаторидан тезроқ жой олишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилаверади.
Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА