Ўзбекистон — умумий уйимиз!

Жиззахда Ёшлар ойлиги доирасида “Ўзбекис­тон — умумий уйимиз!” шиори остида “Халқлар дўстлиги” маданият кунлари бўлиб ўтди. Ёшлар иттифоқи ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир Дўстлик туманидаги Манас қишлоғидан бошланди.

Манас қишлоғи байрамона тус олди. Миллий маданият марказлари қошида фаолият кўрсатаётган бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг куй-қўшиқлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида таниқли ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила вакиллари ҳолидан хабар олинди. Спортсевар ёшлар ўртасида футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка мусобақалари ўтказилди. Якунда фаол ўғил-қизлар Ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Лойиҳа орқали байналмилал маҳаллалардаги оила фарзандлари билан учрашдик, — дейди Ёшлар иттифоқи миллатлараро тотувлик масалалари бўлими бош мутахассиси Мансур Бойсариев. — Масалан, Дўстлик туманидаги “Манас” маҳалласида жойлашган Чароғон, Анжирбоғ, Кумушкент, Чилонзор кўчаларида истиқомат қилаётган ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳрида давом этди. “Дўстлик” маҳалласидаги Жамбил, “Мирзадала” маҳалласидаги Жалолиддин Мангуберди кўчасида яшовчи ногирон фарзанд­лари бор оилалар ҳамда “Ғалаба” маҳалласидаги Барокат кўчасида жойлашган Нуронийлар ва қария­лар уйи­да яшовчи оилалар ҳолидан ҳам хабар олинди.
— Тадбирлардан асосий мақсад миллатлараро тотувлик диний бағрикенгликни кенг тарғиб этиш ҳамда ўзаро туташ қадриятларни тараннум этишдир, — дейди Ўзбек-қирғиз миллий маданият маркази раиси Раҳматилла Жабборов. — Қувонарли томони, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаб келмоқда. Турли мамлакатларда кунора содир бўлаётган хунрезликларни кўриб, эшитиб турибмиз. Бу тартибсизликлар, нотинчликлар ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ. Биринчиси, миллатлараро муносабатлардаги адолатсизликлар туфайли бўлса, иккинчиси, динлараро можаролар оқибатидир. Юртимизда бошқа миллат вакиллари учун ҳам тенг шароитлар яратилганини кўриб, мингдан-минг шукроналар айтишимиз керак. Айниқса, бундай бағрикенг­лик ва қадриятларни ёшларимиз орасида кенг тарғиб қилишимиз, уларни миллатлараро муносабатларга холислик руҳида тарбиялашимиз зарур.

Ҳасан УСМОНОВ,
Шерзод МАҲМУДОВ