Ўз ҳолига ташлаб бўлмайди

Пойтахтимизда “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш стратегияси: мавжуд вазият ва ривожланиш истиқболлари” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Анжуман Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда йигит-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва маънан рағбатлантириш бўйича мамлакатимизда тўпланган таж­риба муҳокама этилди. Хорижий спикерлар, шу жумладан, дипломатик корпус вакиллари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Мустақил Ўзбекистон учун ёшлар масаласи ҳамиша устувор аҳамият касб этган. Сабаби бу қатлам аҳолининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Бир ҳисобдан, билаги кучга тўлган, ғайрати жўшиб турган шунча йигит-қиз давлат учун улкан ресурс саналади. Бироқ ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Уларни тўғри йўналтириш, жамият учун фойдали инсонлар қилиб тарбиялаш лозим.
Шу боис 1991 йилдаёқ юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати асослари ишлаб чиқилди ва алоҳида қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу асосда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш механизмини ярата олдик. Ўнлаб давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилди. Бир қанча уникал тузилмалар, ташаббус ва лойиҳалар юзага келди. Энг сўнг­гилари қаторида Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бешта муҳим ташаб­бусини тилга олиш жоиз.
Халқаро конференция давомида мазкур ташаббуслар ҳақида алоҳида сўз борди. Ҳар бирининг мақсад-муддаоси, қачон, ким томонидан ва қай тарзда рўёбга чиқарилиши батафсил тушунтирилди.
— Ёшлар билан ишлашга доир Ўзбекистон тажрибасига қизиқаётган давлатлар талайгина, — таъкидлади Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов. — Хусусан, япон ҳамкасбларимиз — эксперту олимлар билан бу борада кўп музокаралар олиб бордик. Кунчиқар мамлакат вакиллари юртимиздаги ёшларга оид давлат сиёсатини илмий жиҳатдан жиддий ўрганмоқчи. Қолаверса, Жанубий Кореянинг KOICA, Япониянинг JICA, Туркиянинг TIKA, шунингдек, БМТ, ЮНИСЕФга ўхшаш нуфузли ташкилотлар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бир қанча қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги мулоқотга мана шу тузилмаларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарларини таклиф қилдик. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, ўзи устида ишлаши учун мотивация уйғотиш, бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, тадбиркорликка кенг жалб этиш юзасидан қилинган ишларга уларнинг кўзи билан, четдан назар ташласак, менимча, фойдадан холи бўлмайди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Абдужаб­бор Абдувоҳидов, Давлат бошқаруви академияси ректори Рус­там Қосимов, Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосарлари — Алишер
Саъдуллаев ва Бунёдбек Баҳромбековга сўз берилди. Барча мутасаддилар ўз чиқишларида давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган ғоя-режалари асосида охирги йилларда Ўзбекистонда жиддий ислоҳотларга қўл урилгани, бундан, аввало, оддий одамлар наф кўраётганини таъкидлади. Айтиш керак, кенг кўламли ижобий ўзгаришлар фонида давлатнинг ёшларга кўрсатаётган
эътибор ва ғамхўрлиги янада яққол кўзга ташланмоқда.
2017 йилнинг 30 июнь куни Президентимиз таклифига биноан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинганини эслайлик. Тўғри, ёшлар ташкилоти илгари ҳам бўлган. Бироқ янги форматдагиси энди миллионлаб тенгдош­ларимиз оғирини енгил қилишдек масъулиятли миссияни зиммасига олиши керак эди. Шунга яраша унга ваколат ва молиявий имкониятлар берилди.
Биргина мисол. Айни вақтда Ёшлар иттифоқи салоҳиятли ва фидойи йигит-қизлар учун “социал лифт” вазифасини бажармоқда. Ўтган икки йил мобайнида ташкилот қаноти остида 170 нафарга яқин ёш раҳбар кадр тайёрланиб, давлат бошқарувининг турли бўғинларида фаолият олиб бориш учун тавсия қилинди.
2018 йилда Иттифоқ ҳузурида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ташкил қилингани ҳам феноменал ҳодисадир. Шу чоққача жамғарма маб­лағлари ҳисобидан кўплаб тенгдош­ларимизнинг бизнес-лойиҳалари мо­лиялаштирилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилган. Бу ҳақда молиявий тузилманинг ижрочи директори Бунёдбек Баҳромбеков маълумот берди.
Анжуман ялпи мажлисида Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова аёллар бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга тўхталди.
— Ўзбекистон аҳолисининг 54 фои­­зини аёллар ташкил қилса-да, бироқ узоқ вақт улар учун иш ўринларини яратиш масаласига етарли эътибор қаратилмай келинди, — дейди М.Нурматова. — Натижада бир қанча жиддий ижтимоий муаммоларга дуч келдик. Меҳнат миграцияси, оилалар даромадининг пасайиши, маънавий савиянинг тушиши, шулар жумласидан. Президентимиз ташаббус кўрсатиб, ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуришни таклиф қилди. Шунинг эвазига олий маълумоти йўқ уй бекалари профилли касб-ҳунар коллежлари базасида қайта тайёрланиб, ишли бўляпти. 2019 йилнинг биринчи чорагида республикамизда яратилган янги иш ўринлари ҳисобига 46 минг нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Йил охиригача бу рақамни 160 мингга етказиш кўзда тутилган.
Анжуман давомида хорижий меҳмонлардан ҳам фикр-мулоҳазалар тинг­ланди. Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич иштирокчиларни ўз юртида олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати билан таништирган бўлса, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Али Исхан Чағлар Ўзбекис­тон 30 ёшгача йигит-қизларга раҳбарлик лавозимларига кўтарилишга имконият яратиб, сиёсий элитасини навқирон авлод вакиллари ҳисобига тўлдираётган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири эканини эътироф этди.
Куннинг иккинчи ярмида конференция ўз ишини тўртта шўъбада давом эттирди. Бугун шўъба йиғилишлари бўйича якуний хулосалар тингланиб, фаол иштирокчилар тақдирланади.

Владимир ТЮРДЕНЕВ, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ўзбекистон Президенти ёш­лар масаласига ҳамиша катта эътибор қаратади. Ўтган йили ҳурматли Шавкат Мирзиёев Циндао шаҳрида бўлиб ўтган халқаро саммитда ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш таклифини илгари сурганини эслайлик. Бу, сўзсиз, таҳсинга лойиқ жиҳат.
Юртингизда ёшлар ташкилотлари юқори нуфузга эгалиги ҳам аҳамиятлидир. Бугунги тадбир доирасида ёшларга оид давлат сиёсатининг ютуқ ва камчилик­ларига холисона назар ташлаб, биргаликда истиқболли режаларни белгилашга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, учрашувимиз бесамар кетмайди.

Али Исхан ЧАҒЛАР, TIKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Ўзбекистонда иккита муҳим қадрият бор — оила ва ёшлар. Иккиси ҳам давлат эътиборида. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларга ҳеч жойда
7 фоиз ставкада кредит ажратилмайди. Бундай имконият фақат сизларда бор. Ёшлар иттифоқи билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш борасидаги тажрибангизни ўрганишни хоҳлаймиз. Туркия ва ўзбекистонлик ёшларнинг ўзаро мулоқот қилишига шароит яратиб беришга тайёрмиз.

Наргиза УМАРОВА