Ўқишга кириш учун ДХМ орқали ҳужжат топширган абитуриентлардан тўлов ундирилмайди​​

Шу кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Давлат хизматлари марказлари орқали белгиланган Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлик учун ундириладиган тўлов масалаларига  ойдинлик киритилди. 
Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисидаги қарори асосида олий таълим муассасаларига ўтказиладиган қабул тест синовлари жараёнида абитуриентлар учун бир қанча имтиёз ва имкониятлар яратилган.
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентлар ўқишга кириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш, жорий ўқув йилидан бошлаб абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки ўзига қулай бошқа ҳудудда тест синовида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг олдини олади. Шунингдек, абитуриент бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасасига ўқишга киришда фанлар мажмуаси кетма-кетлиги бир хил бўлган жами учта бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиши мумкин.
ДХМ ахборот хизматининг маълум қилишича, Давлат хизматлари марказлари орқали белгиланган Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлик учун, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатганлик учун ТЎЛОВ УНДИРИЛМАЙДИ!
ЎзА