Адабиёт тижоратми?

Китоб дўконларини айланиб, ўйга толаман: расталар турфа адабиётларга тўла-ю, аммо инсоннинг маънавий эҳтиёжини қондирадиганлари оз. Ноширлару дўкондорлар бизнесга зўр бериб, маънавият ҳақида унутиб юборгандек, гўё.
Бугунги китобхон яхши асарларга ташна. Афсус, таклиф талабга яраша бўлаётгани йўқ. Мазмунан саёз, ижтимоий аҳамияти ҳаминқадар китоблар кимга керак ўзи?

Ёш шоира Висола Пардаеванинг “Талаб” шеъридан парча:
Деразамнинг тагида турма,
Қара, яна ёмғир кучайди.
Қўй, бекорчи хаёллар сурма,
Отам сенга бермайди, дайди…

Якуни ундан-да қизиқ:

Онам бир шаҳарликка,
Узатмоқчи-да мени.
У оппоқ, қорагинам,
Унутаман-да сени.

Бу мисраларни шеър дейишга ҳам уяласан, киши. Тағин Висолахоннинг тўплами 20 минг нусхада чоп этилганига нима дейсиз? Ижодкор сўз масъулиятини ҳис қилиб, ҳар бир жумлани ўйнаб эмас, ўйлаб ёзиши керак.
Яқинда мен кирган китоб дўконидаги манзара: растанинг биринчи қаторига ёш ижодкорларнинг катта-кичик тўпламлари териб қўйилган. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфники қу­йироқда. Ташқи кў­ринишидан модалар журналига ўхшаб кетадиган Аҳад Қаюмнинг шеърий тўпламлари энг олдинги қаторда турибди. Бундай ҳолат харидор психологиясига таъсир кўрсатади, албатта.
Баъзи китобхонларни суҳбатга тортганимизда, улар кўпроқ “сариқ матбуот” юзини кўраётган асарларни ўқишини, лекин замонавий адабиёт намуналарининг биронтаси “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Икки эшик ораси” сингари дурдоналарга тенг келолмаслигини айтди.
Яна бир гап: бугун фаҳш, зино, ёвузлик акс этган туркум ҳикояю романлар урчиб кетган. “Дайди қизнинг дафтари” катта нусхада чоп этилади. Набижон Ҳошимовнинг “Патиссон” операцияси”, Мурод Мансурнинг “Жудолик диёри”, Акбар Мирзонинг “Ажал билан юзма-юз”, Азамат Қоржововнинг “Қил устидаги тақдир” асарлари кўп маротаба қайта нашр қилинди. Уларнинг бадиий қиймати, савияси ҳақида тўхталмаймиз. Ўзингиз хулоса чиқараверинг.
Китобни ҳар ким дид-фаросатига қараб танлайди. Сотувчилардан: “Қайси китоблар оммабоп?”, деб сўраганимизда аксарияти бир хил жавоб берди:
— Ҳар бир китобнинг ўз ўқувчиси бор. Баъзи харидорлар китоб танлашда адашибман, деб асарни қайтариб келади. Нашриётлар талабга қараб маҳсулотни етказиб бераверади.
“Санъатнинг кучи шунда-
ки, — деб ёзган эди таниқли олим Матёқуб Қўшжонов, устоз Абдулла Қаҳҳор ижодига бағиш­ланган бир мақоласида, — у тасвирланадиган воқеага китобхонни тўла ишонтиради. Агар китобхон асарнинг бирор жойига ишонмаса, демак, “жон ва жасад” бир-бирига мос эмас, демак, олинган воқеа сохта”.
Фикримизча, ижод тижоратга айланса, у асл моҳиятини йўқотади. Бундан эса миллатга жабр.
Бозор турфа адабиётлар билан тўлиб-тошган бир пайтда сарагини саракка, пучагини пучакка ажрата олиш жуда муҳим.

Гуландом УМАРОВА