Арт-терапия усулида тренинг

Бола улғаяр экан, унинг ўй-хаёлларида, руҳиятида ҳам бир мунча ўзгариш­лар намоён бўла бошлайди. Бундай пайтда аксарият ёшлар яхши-ёмоннинг фарқига бормайди. Вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ўрнига фақат бир томондан кўриб баҳолайди. Бу жараён кўп ҳолларда салбий оқибатларга олиб келади.

Нохуш ҳолатларни олдини олиш, ўғил-қизларга психологик ёрдам бериш учун ёшлар ойлиги доирасида “Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Иттифоқнинг Тошкент вилояти кенгаши билан ҳамкорликда “Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими (ВЕОҲООБ) профилактик ҳисобда турган ёшлар билан ишлаш мақсадида психологик-реабилитация ло­йиҳаси” доирасида тренинглар ташкил этилди.
Чирчиқ Ёшлар марказидаги тренингларга 100 нафар ёш жалб этилиб, 5 гуруҳга ажратган ҳолда арт-терапия усули қўлланди.
Хориж психологларининг тажрибасидан маълумки, тарбияси оғир болаларда арт-терапия усулидан фойдаланган ҳолда тренинг ўтказиш стрессни енгиб ўтишда самара беради. Тренинг­ларда ёшлар ўртасида ташхислаш ва психо-коррекцион ишлар амалга оширилди.
— Ота-оналарнинг “Шу ишни ҳам эплай олмадинг, қанақа боласан-а?” каби гап-сўзлари фарзандида ўзига ишончнинг йўқолишига сабаб бўлади, — дейди Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш республика маркази директори Дилфуза Шодиева. — Натижада боладаги бор қобилият ҳам аста-секин сўнади. Бундай пайтда психолог ёрдами ота-онага ҳам, болага ҳам бирдек зарур. Яъни бола нотўғри иш қилса, катталар босиқлик билан уни тўғри йўлга солиши, хато иш натижасида қандай салбий ҳолатлар юз бериши мумкинлигини тушунтириши лозим. Шунингдек, эр-хотин жанжаллашиб қолса, фарзандидан аламини олиши нотўғри. Бу усул ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат кескин ўзгаришига олиб келади.
Бу каби тренингларни Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё вилоятларида давом эттириб, 400 нафар вояга етмаган, ички ишлар бўлими ҳисобида турган ёшларни қамраб олиш режага киритилган.

Маъмура ХЎЖАҚУЛОВА