Буюк омонат

Мактаб — мўътабар даргоҳ. Бу масканда илм улашишдек савобли вазифа ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

Ўқувчиларни таътилга жўнатгач, ҳувиллаган илмгоҳдан файз кўтарилгандек туюлади, менга. Шунчалик қадрдонлашиб кетасизки, шогирдларингиз гўёки фарзандингизга айланади. Улар сиздан илмдан ўзга ҳеч нарса таъма қилмайди. Сизни оламдаги энг билимдон инсон деб тасаввур қилади. Болалар кайфиятингизга қарайди, салгина кўнглингиз чўкканини сезишса, ўзаро шивирлашади, энг тўполончингиз ҳам шу дам ювош тортади.
Ўқувчилар — ҳар хил оила фарзандлари. Бири шаддод — еру осмон унга тор, бошқаси кўнгли синиқ — фақат сизнинг ширин каломингиз билан бахтиёр…
Қандай бўлишидан қатъи назар, улар сиз учун азиз, қадрдон. Сиз улардан улуғ одамлар чиқишини ҳар куни Яратгандан сўрайсиз.
Болалар — биз, устозларга топширилган буюк омонат.

Илҳом АБДУЛЛАЕВ,
Янгийўл туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси