ДТМ: тизимдаги сўнгги ўзгаришлар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида олий таълим уассасаларига қабул учун ўтказиладиган тест синовларига тайёргарлик ҳолати бўйича брефинг бўлиб ўтди.

Давлат тест маркази вакиллари ва журналистлар иштирокидаги брефингда тизимдаги ўзгариш ва янгиликлар тўғрисида энг сўнгги маълумотлар берилди.
2019 йил қабул тест синовлари учун 180 мингдан ортиқ тест топшириқларини шакллантириш режалаштирилган ва айни пайтда базанинг асосий қисми тайёр.

Тест синовларини ўтказиш учун рес­публика бўйича 69 та бино ажратилган бўлиб, бир кунда 2 сменада 38 минг 310 нафар абитуриент тест топшириши мўлжалланган.

Тест топшириқлари базасини шакллантириш бўйича Туркия, Жанубий Корея, Россия, Япония тажрибалари ўрганилиб, жорий йилдан янгилик сифатида тест топшириқларида график, ёзувсиз карта, расмлар қўлланилади.
Давлат имтиҳонлари 25 июлдан бошланиб, 15-20 августга қадар давом этади.
Абитуриентларнинг вақтини тежаш мақсадида титул варағида белгиланиши лозим бўлган ортиқча катаклар ҳам қисқартирилган. Давлат имтиҳонларида тарқатиладиган титул варағи олдин А5 форматда бўлса, бу йилдан А4 форматда чоп этилади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишнинг параметрлари тасдиқланди. Унга кўра бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар, ўтган йилгига нисбатан
10 545 нафарга кўп;
сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар (5 935 нафарга кўп);
кечки таълим шаклига – 1 985 нафар (735 нафарга кўп) талаба қабул қилади.
Магистрлар тайёрлаш бўйича – 7 695 та (1 644 тага кўп) ўрин ажратилди.
Имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тизимга турли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу эса муносиб ёшларни саралашга хизмат қилади.

Рўзиқул ОЧИЛОВ