ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАЛАРИДА ТУБДАН ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий-ахлоқий, жисмонан етук, ватанпарвар, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли ёшларни вояга етказиш, уларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг ушбу жараёндаги иштироки, шунингдек жисмонан ва руҳан соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик ва комилликка интилиш туйғуларини шакллантиришдаги фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб этади.

Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришда уларнинг ижтимоий ҳолати, шахсий хислатлари, содир этган қилмишининг хавфлилик даражасини тўлиқ ва тўғри баҳолаш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги бугунги ҳолат ўқув жараёнини давлат таълим стандартлари асосида сифатли ташкил этиш, ўқитувчи, тарбиячи, психолог ва бошқа ходимларнинг тарбияланувчиларга таълим бериш, уларга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги кўникма ва малакаларини оширишни тақозо этади.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилди.

Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳрида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига бириктирилган бўлса, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Тошкент вилояти, Чиноз туманида ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бириктирилди.

Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси 2006 йилдан буён “Бахт шаҳар ўғил болалар махсус коллежи” номли ихтисослаштирилган ўғил болалар ўқув тарбия муассасаси сифатида фаолият юритган.

Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган вояга етмаганлар жойлаштирилади. Хусусан:

– ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;

– айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

– Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

– якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги ташаббуси билан куни-кеча ушбу ўқув-тарбия муассасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорини ижросини сифатли ва тўлиқ таъминлаш мақсадида Қарор лойиҳаси бўйича вазифалар белгиланиши назарда тутилган бир қатор вазирлик ва идоралар вакилларининг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Сирдарё вилоят ва туман хокимликлари масъуллари иштирок этиб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган бир қатор вазифаларни режалаштириб олдилар.

Нафосат Зафарова
Миллий гвардия матбуот хизмати етакчи мутахассиси