Исажон Cултон: “Aслида мукофотга онам лойиқ!”

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, эл ардоғидаги ёзувчи Исажон Султон 1967 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Авазбой қиш­лоғида таваллуд топган. У ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагач,1985 – 1990 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган.
Адибнинг “Муножот”, “Ойдинбулоқ”, “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Боғи Эрам”, “Ҳазрати Хизр изидан”, “Генетик” номли китоблари чоп этилган. У “Озод” романи учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” республика танлови ғолиби бўлди. Шунингдек, адибнинг қатор ҳикоялари халқаро танловларда совринли ўринларга муносиб кўрилган.
Исажон Султон асарлари инглиз, немис, рус ва турк тилларига таржима қилиниб, АҚШ, Россия, Туркия ва Молдова адабий нашрларида чоп этилган.
Ёзувчи Жавоҳарлаъл Неру, Рюнос­ке Акутагава, Ясунари Кавабата, Дино Буццати, Умар Сайфиддин каби дунёнинг машҳур ижодкорлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Устознинг самимийлигидан, шогирдпарварлигидан руҳланиб, қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

— Болалик хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Биласизми, болаликда қизиқ, деб ўйлаганимиз ҳозир қизиқ туюлмайди ёки аксинча, ҳозир қизиқ туюладиган воқеага ўша пайт­да эътибор бермаган бўламиз…
Уйимиз олдидан Катта Фарғона канали оқиб ўтади. Шу каналнинг нариги қирғоғига сузиб ўтиш болакайлар учун улкан қаҳрамонлик саналарди. Тенгдошларим орасида кўрсатган илк қаҳрамонлигим шу эди.
Қишлоғимиз четида баланд сув минораси бўларди. Унинг тепасига чиқиш ҳам катта жасорат ҳисобланарди. Мен мана шу миноранинг тепасини забт этиб, миттигина қиш­лоғимнинг қанчалар кенг эканига ҳайрат ила боққаним ҳеч эсимдан чиқмайди.

— Болаликдаги энг яқин дўс­тингиз?

— Дўстларим кўп! Биз, синфдош­лар бир-биримиз билан жуда аҳил эдик. Қишлоқ болалари тўпланиб, мактабга қатнардик. Бугунги замонимиздан олисроққа назар ташласам, биз бир оиладек аҳил ва қизиқишлари ҳам бир-бирига ўхшаш ака-укалардай яшаган эканмиз. Ҳақиқатан ҳам шунақа эди. Дарсдан сўнг далага чиқиб, сигир-қўйларга ўт ўрардик. Хуллас, эртаю кеч бирга эдик.
Йиллар ўтгани сари дўст деган сўзнинг маъноси ҳам, моҳияти ҳам, унга бўлган талаб ҳам ўзгариб борди. Қизиқ, дўстдан ҳеч бир манфаат ҳам, бирон ёрдам ҳам кутмайсиз. У шунчаки қалбингизга яқин одам, юрак меҳрини берган инсонингиз. Ана шу меҳр билан бирга, унга катта бир қадр-қимматни ҳам тутасизки, уни ўзингизга яқин оласиз. Назаримда дўстлик шундай бўлади.

— Онангизнинг туғилган кунида ёхуд байрамларда берган илк ҳадянгиз ёдингиздами?

— Ота-онам туғилган кунлари қачон эканини ўзлари ҳам билмайди. Улар ўтган асрнинг 40-йилларида туғилган. Ўша вақтда туғилган кун ҳисоби юритилмаган экан. Шунинг учун дадам билан ўқиган синфдош­ларининг ҳаммаси 10 май куни “туғилиб қолган”. Волидаи муҳтарамамнинг синфдош­ларида ҳам худди шу ҳол. Шу сабабдан ҳар йили 10 май санасини тантана билан кутиб оламиз.
Болалик чоғларимда иккисининг туғилган кунлари бир кунда бўлгани учун етти фарзанд (тўнғичи мен эдим) бир ёқадан бош чиқариб, барча уй ишларини қойиллатиб бажарардик. Уларга мана шундай кутилмаган совға тайёрлардик. Кейин ёшимиз улғайиб, жамиятда ўз ўрнимизни топганимиздан сўнг уларнинг кўнглини олиш нақадар масъулия­т­ли иш эканини англадим.
Тўғри, уларга ҳар қандай совға ёқимли. Лекин ота-она учун энг олий бахт фарзандининг камолини кўриш экан. Сиз унга мана шу бахтни бераман дейсизу, бироқ бу ҳар доим ҳам қўлингиздан келавермайди.

— Болаликда эришган илк ютуғингиз ҳақида гапириб берсангиз?

— Қай бирини айтай. Ҳаммаси бир-биридан фарқ қилади.

Авваламбор, менинг ёзувчи бўлишимни онам хоҳлаган. Агар онам физик бўлишимни хоҳлаганида, мен физик олим бўлиб кетармидим, деб ўйлаб қоламан.

Тўнғич ўғиллар шунақа бўлади, ҳаёт ташвиш­ларига эртароқ киради. Катта фарзанд бўлганим учун онамга яқинман, унинг ҳар қандай тилагини бажаришга тайёр турганман.
Онам кўп китоб ўқиган, бироқ бор-йўғи 8-синфгача таҳсил олган. Шундан сўнг у етти фарзанднинг онасига айланди.
Мен 6-7-синфдалигимда бир ҳикоя ёзиб, “Гулхан” журналига жўнатганман ва оддий бир қишлоқ боласининг ҳикояси чоп этилганини кўриб, кўзларимга ишонмаганман. Шундан сўнг менга ўзим тенги болалардан хатлар кела бошлади, мен билан танишишга иштиёқлари борлигини билдиришди. Мана шу ютуғимдан ҳам онам жуда хурсанд бўлган.
Яна бирини айтай. 2-3 йил олдин Анталия шаҳрида чиқадиган бир адабий журналнинг танловида “Боғи Эрам” номли ҳикоям ғолиб деб топилди. Мени ўша шаҳардаги симпозиумлар саройига таклиф қилишди. Ўзим билан онамни бирга олиб бордим. Шунда менга мукофот топширилиши эълон қилинганида, “Бу мукофотга мендан кўра кўпроқ онам ло­йиқ. Ҳурматли ҳакамлар, сизлардан сўрайманки, бу мукофотни мен эмас, онам ўз қўлига олса”, — деганимда, ҳамма қарсак чалиб, онамни саҳнага чорлади. Болалигимда кўрга-
ним — онамнинг кўзидаги севинчни яна бир бор ўша ерда кўрдим…

— Демак, юрагингизда китобга меҳр-муҳаббатни онангиз уйғотган?

— Биз зиёли оилада туғилдик. Оила­мизда китоблар кўп эди. Биласизми, ўсмирликда билимга чанқоқлик палласи бўлади. Бунда эса оиладаги муҳит жуда катта роль ўйнайди. Ўша пайтларда туманимиз кутубхоналаридаги китобларнинг деярли ҳаммасини ўқиб чиққанман.

— Устозларингиз ҳақида…

— Биринчи ўқитувчим Тўхтасин ака Юсуповни ҳар доим кўрганимда ҳол-аҳвол сўраб, умри узоқ бўлишини тилайман. Ўша маҳалдаги деярли ҳамма ўқитувчилар мени ўзига ром қила олган. Тарих муаллимимиз Султон ака, география, физика, астрономия, дунёни дунё қилиб турган фанлардан дарс берган устозларимизни кўп эсга оламан, ўша лаҳзалар ҳалигача ёдимда. У даврда устозлар дарс тугаши биланоқ, уйга келиб, эл қатори меҳнат қиларди. Томорқага қараб, чорва боқарди. Ҳаттоки, аёл ўқитувчиларимнинг қўллари қадоқ бўлиб кетганини кўрганман. Мен уларга ҳамиша таъзимдаман.

— Орзуларингизнинг қанчасига эришдим деб ўйлайсиз?

— Аввало, Ўзбекистон деган юртнинг озод бўлганини кўрдим. Бу жуда кўпчиликнинг орзуси эди. Қолаверса, ёзувчи бўламан деб ўйлардим ва бу шарафга ҳам эришдим. Ёзувчи бўлдим, деганда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзолигим ёки “Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлганимни назарда тутмаяпман. Булар, шубҳасиз, катта ишонч билдирилганидан далолат. Кўрган-кечирган воқеаларингизни хулоса сифатида оммага тақдим этсангиз, ёзганларингизнинг халқ орасида қадр-қиммати борлигини сезсангиз, ана ўшанда ўзингизни ижодкорман, деб ҳис қила бошлайсиз.
Бироқ халқ қиймат бермаса, ёзувчи ким?! Ҳар бир ижодкор халқнинг қўллаб-қувватлаши билан қадрли.

— Қайси китобни ўқувчиларга мутолаа учун тавсия қиласиз?

— Бадиий китоб ўқиш ёшга қараб белгиланади. Дунё адабиёти намуналаридан “Кичкина шаҳзода” асарини болалар ўқиб чиқиши керак. У — дун­ёқарашни кенгайтирадиган асар. Шунингдек, фантастик асарларни ўқиш керак, улар тасаввурни кучайтиради.
Ёшлигимда Жюль Верннинг “Капитан Грант болалари”, “Сув остида саксон минг километр” каби асарларини ўқиганман. Ўртоқларим билан ўзимизни гўё асар қаҳрамонлари орасида юргандек ҳис қилардик.

— Орзу ва армон доимо ёнма-ён. Орзу ҳақида суҳбатлашдик. Армонингиз борми?

— (Кулиб қўйиб). Фазогир бўлиш орзуим эди. Балки фантастик кинолар таъсиридир, самодаги қуёш, ой ва юлдузларни, улар ортидаги чексизликни томоша қилгим келгандир… Фазогир бўлишимнинг иложи йўқлигини билсам-да, негадир умид қилардим.

— Болаликка қайтишнинг имкони бўлганида нима қилардингиз?

— Мен бобомнинг қўлида, унга дас­т­ёрлик қилиб катта бўлганман. Уни “Султон нонвой”, деб чақиришарди.
84 ёшида вафот этди. Бобомдан ажралганимда у зот менга ҳаётнинг жуда кўп сабоқларини ўргатиб кетганини идрок қила бошладим. Шунинг учун болаликка қайтсам-у бобомни яна бир марта кўрсам, тўйиб суҳбатлашсам, менга қилган шунча яхшилик­лари учун миннатдорлик билдирсам, дейман. Охиратлари обод бўлсин!

— Самимий ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!

— Саломат бўлинг!

ЎзЖОКУ талабаси Азим АХТАМОВ суҳбатлашди.