Иссиқкўлда “Ёшбулоқ” очилди

Қирғизистоннинг Ёшлар масалалари, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича давлат агентлиги илк бор МДҲ мамлакатлари учун “Ёшбулоқ” форум-оромгоҳини ташкил этди. “Ҳудудларни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни” мавзуига бағишланган таълим дастурида юртимиздан олти нафар вакил иштирок этмоқда. Делегация таркиби Ёшлар иттифоқининг Навоий ва Хоразм вилояти кенгашлари маъсул ходимлари, тадбиркор ҳамда фермерлардан ташкил топган.

Куни кеча Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси ва Беларусь Респуб­ликасидан келган ёш лидерлар Иссиқкўл вилоятининг Семеновка қишлоғидаги сўлим масканга жойлаштирилди. Ҳафта мобайнида улар фавқулодда вазиятлар ва ҳарбий низолар шароитида ҳаракатланиш, тинчликни таъминлаш, барқарор ривожланиш мақсадлари, иқлим ўзгариши, оилани режалаштириш, гендер тенглиги, меҳнат бозорига мослашиш, волонтёрлик фаолияти каби кўплаб қизиқарли мавзулар юзасидан фикр алмашиб, янги билим ҳамда кўникмаларни эгаллайди. Маҳорат дарсларига спикер-мотиватор сифатида Қирғизистон Республикаси қонун чиқарувчи ва ижроия органлари вакиллари, жамоат арбоблари, таниқли олимлар, тадбиркорлар, ижтимоий лойиҳалар яратиш бўйича малакали тренерлар таклиф қилинган.
“Ёшбулоқ” иштирокчилари таълим олиш билангина чекланиб қолмай, ўз халқларининг маданиятини намоён этиш имконига ҳам эга бўлади. Шу мақсадда оромгоҳ дастурига миллий ўйинлар ва спорт мусобақалари киритилган.
Яна бир қизиқ жиҳат. Йигит-қизлар бир қанча жамоа (отряд)ларга бўлиниб, минимал қулайлик шароитида яшайди: очиқ ҳавода таом тайёрлайди ва махсус қопларда ухлайди.
Форум-оромгоҳининг очилиш маросимида Қирғизистон Республикаси ҳукумати аъзолари иштирок этди. Олдинда ёш лидерларни мезбон мамлакатнинг Маданият вазири Г.Кудайбердиев билан жонли мулоқот, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ЮНИСЕФ ва БМТнинг Тараққиёт дастури вакиллари иштирокида интерфаол тадбирлар, янги танишув ва саёҳатлар кутмоқда.

Н.БАҲОДИРОВА