Кўнгил ойнаси

Адабиёт — инсон қалбини тарбиялайдиган, онгу тафаккурини чархлаб, руҳини озиқлантирадиган бемисл хазинадир. Шу сабабдан ҳамиша китобга, мутолаага эҳтиёж сезамиз.

2700 йил илгари қутлуғ заминимизда яратилган “Авес­то” китобида “Ҳар бир болани шундай тарбиялаш зарурки, у аввало яхши ўқиши ва сўнгра эса ёзишни ўрганиш билан энг юксак поғонага кўтарилсин”, деган даъватлар борлиги боболаримиз таълим ва мутолаага катта эътибор қаратганини кўрсатади. Ёки етук қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “Мен билим орттиришдек лаззатдан баҳраманд бўлдим, буни мен улкан бахт деб ҳисоб­лайман”. Соҳибқирон бобомизнинг “Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, деган ҳикмати ҳам мутолаага даъват этади.
Теран билимли, иродаси бақувват ва руҳан юксак инсонгина ҳеч қачон эзгу мақсадидан оғишмайди. Муҳими, бизнинг ихтиёримиздаги китобларга дунё аҳли ҳавас қилади. “Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари” туркумидаги асарлар, “Авес­то”, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, Абдурауф Фитратнинг “Оила”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” каби нодир китоблари…
Зотан, яхши китоб кўнгил ойнасини поклайди, кишини фикрлашга, борлиқни тушунишга ундайди. Вақтни бефойда ўтказиш билан ёрқин келажакка эришиб бўлмайди. Ҳазрат Навоий ёзадилар:
Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилгин ани.
Ҳа, ёшлик — илм махзанини йиғадиган давр. Агар илмни ҳозир йиғмасак, қариликда йўқ нарсани қандай харж қиламиз?

Моҳинур МЎМИНОВА,
ТДТУ энергетика факультети талабаси