Мактаб формаси нархлар мунозарага сабаб бўлмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилидан барча ўқувчилар дарсга ягона мактаб формасида келиши шарт.

Ҳужжатда қайд этилганидек, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхатини ҳудудлар кесимида шакллантириб, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар марказида ушбу корхоналарнинг савдо шохобчаларини ташкил этади. Демак, ота-оналар формани фақат махсус савдо расталаридан харид қилиши мумкин.
Қумқўрғон туманига мактаб формалари 1 – 6-синф ўқувчилари учун 212-276 минг, юқори синфлар учун 318-350 минг сўмдан етказиб бериладиган бўлди. Бу арзонлаштирилган нарх. Бир қарашда, унчалик қиммат эмас. Лекин республикамиздаги барча оилаларнинг шароитини бир хил деёлмаймиз. Устига-устак, мактабда тўрт-беш нафаргача фарзандини ўқитаётган оилалар бор. Назаримда, кўп фарзандли оилалар учун қўшимча чегирмалар кўзда тутилгани маъқул.
Ягона мактаб формасининг нархи ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Билдирилаётган фикрлар турлича. Шулардан биттаси эътиборимни тортди: “Нарх сира қиммат эмас. Ахир, бугун ўртамиёна яшаётган оила ҳам фарзандига неча миллион сўмлик телефон олиб беряпти-ку!”.
Бу гапда ҳам жон бор. Ўйлаб қарасак, мобиль телефон сотиб олиш ва уяли алоқа хизматидан фойдаланиш учун ҳар ойда фалон пул сарфлаймиз. Лекин шунча харажат қилдим, деб оғринмайсиз-ку. Аслида боланинг келажакда қандай инсон бўлиб етишишини қўлидаги қимматбаҳо телефон эмас, олаётган билими, ўқиётган китоби ва албатта, одоб-ахлоқи белгилаб беради.

Хуршид АБДИРАИМОВ,
Қумқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси