“Махсустранс”га таклиф

Одамларда моддий эҳтиёжлар орттгани сари маънавияти шунчалик қашшоқлашиб бораётгандек. Инсон эҳтиёжларининг қурбони бўлаётган атроф-муҳитни кузатиб, ташвишимиз янада ортади.

Бугун экология ифлосланиши туфайли фарзандсизлик, болаларнинг нуқсон билан туғилиши, ўлим ҳолати кўпайиши ва яна бошқа нохуш вазиятлар кузатилмоқда. Бу каби муаммолар юзага келишида маиший чиқиндиларнинг ҳам таъсири катта бўлмоқда.
Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2017 йил 21 апрелда давлатимиз раҳбарининг “2017–2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Бундан ташқари, Президентимиз жорий йил 3 июнда Тошкент вилоятига ташрифида Оҳангарон туманидаги чиқиндихоналар фаолиятига ҳам тўхталиб ўтганди.
— Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Шунинг учун бу полигонни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала, — таъкидлаганди давлатимиз раҳбари.
Чиқиндиларни қайта ишлаш, уларни ташиш хизматини тартибга солиш керак.
Хориж тажрибасига назар соладиган бўлсак, ривожланган мамлакатлар, хусусан, Хитой, Франция, АҚШ, Германия, Италия ва бошқа давлатлврда чиқинди билан боғлиқ муаммолар кам учрайди. Сабаби бу мамлакатларда чиқинди ташиш, тозалаш ишлари кечки соат
22:00 дан тонгги 07:00 га қадар давом этади. Чиқиндилар кечки соатларда ташилса, кечаю кундуз тиним билмай ишлашга, асаббузарликка ҳожат қолмайди. Кўчаларда автомобиллар тирбанд пайтда чиқинди машиналари атрофга ёқимсиз ҳид таратиб, дилни хира қилмайди. Энг асосийси, экологиянинг бузилишига таъсир этувчи сабаблардан ҳеч бўлмаганда биттаси камаяди.
“Махсустранс” хизматининг иш вақтини кечки 22:00 дан тонгги 07:00 га қадар белгилаш керак. Таклиф оддий. Бироқ ҳамма нарса шу оддийликни писанд қилмасликдан бошланиши ҳам бор гап.

Раъно ИБРАГИМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази кутубхоначиси