Меҳнат — ҳимоя остида!

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари ва мутасаддилари иштирокида “Ўзбекистондаги меҳнат бозори ҳолати, мажбурий меҳнат ва меҳнат миграцияси тизими” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев тизимдаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимизда меҳнатга яроқли бўлган 19 миллион аҳолининг 1 миллион 400 минг нафари ишсиз фуқаролардир.
Вазирнинг маълумот беришича, ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари ўтган йилдан мамлакатимизда мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг юритиш бў­йича илк маротаба мустақил тарзда фаолият олиб бориб, меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ вазиятларни аниқлашни шаффофлаштиришга муносиб ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ягона Давлат меҳнат инспекцияси 2018 йилда 13 минг 264 та корхонада меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ 55 минг 282 та қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган. Уларни бартараф этиш бўйича 9 минг 580 та ёзма кўрсатма ва 889 та тақдимнома киритилиб, 8 минг 914 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4614,3 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Қонунбузарликларнинг катта қисми меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик (29 минг 202) ва меҳнат шартномасини тузмасдан ходимлар меҳнатидан норасмий фойдаланиш (4 минг 729)га тўғри келади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Парламентга мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кескин ошириш бўйича қарор лойиҳасини киритган.

Карим ЗАРИПОВ