“Меҳр” инсонпарварлик операцияси

Бағрикенглик ва олижаноблик ифодаси

Болажон

Биламан, не сабаб нигоҳинг маҳзун,
Жажжи юрагингда нелар ғалаён.
Толеинг баланддир, йўлларинг узун,
Кел, сени бағримга босай, болажон!

Барчада ташвиш бор, ғам бор, муаммо…
Қаноат бор жойда топилгай имкон.
Адашган онангга сўзим йўқ, аммо
Кел, сени бағримга босай, болажон!

Кимлар хавотирга солди дилингни:
Гоҳида оч эдинг, гоҳи чалажон.
Қўрқма, қўлларимга бергин қўлингни,
Кел, сени бағримга босай, болажон!

Тунлар шивирлаган ўлимнинг саси,
Тупроққа қоришиб оққанида қон.
Неларга гувоҳсан, маълум барчаси,
Кел, сени бағримга босай, болажон!

Чўчима, ором ол, кечалар сокин:
Ой сенга эртаклар айтиб беради.
Бахтли болаликнинг беғуборлигин,
Ишон, Ўзбекистон қайтиб беради.

Руслан САБУРОВ

Давлатимиз раҳбари томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди.

30 май куни махсус рейсда 156 нафар аёллар ва ёш болалар Суриядаги жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга қайтарилди.
Уларга тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.