Миллий юксалиш сари

Бугун жонажон Ватанимизда ёш авлод тарбияси, фарзандларимизнинг маънан етук ва юксак истеъдод соҳиблари бўлиб камолга етишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта ташаббус ижроси доирасида жойларда амалга оширилаётган амалий ишлар, кўплаб истеъдод соҳибларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорлигида китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида кўплаб янги лойиҳалар, китобхонлик танловлари ташкил этилиб, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар учун туркум китоблар нашр қилинмоқда. Бугунги кунга қадар “Саодат йўли”, “Ёшларга донолар ўгитлари”, “Қариси бор уйнинг париси бор” ва “Бошқарув ҳикмати” номлари билан нашр этилган китобларнинг ҳар бири юксак маънавиятли авлодни вояга етказишга, ёшларнинг ҳақиқий ватанпарвар, эл-юрт тақдири учун фидойи, садоқатли, сўзи ва иши бир, адолатпарвар, виж­донли ва ориятли инсонлар бўлиб камол топишига хизмат қилади, уларни бугунги кунга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ўргатади.
Сир эмаски, бугун жамиятга ташаббускор ёш раҳбарлар авлоди жадал кириб келмоқда. Улар зиммасида биз яшаётган мураккаб даврнинг асосий талабларидан бири — сўзда эмас, амалда халқ ҳокимиятини таъминлашдек муҳим тарихий вазифа турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, дея қайд этгани ҳам бежиз эмас, албатта.
“Бошқарув ҳикмати” китобидан жой олган, ўтмишда ҳурматга сазовор бўлган шахсларнинг фикрлари, айтган гаплари замонавий кадрлар учун ҳам мактаб вазифасини ўтайди ҳамда уларда бошқарув салоҳиятини шакллантиришга, дунёқараши ва маънавиятини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Респуб­лика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан куни кеча мазкур эзгу анъананинг давоми сифатида “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” номли янги китоб нашр этилди.
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Бу жараённинг амалий натижалари, белги ва хусусиятлари бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, энг муҳими, халқимизнинг онгу тафаккури, интилиш ва ҳаракатларида кўзга яққол ташланмоқда. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекис­тонни тез суръатлар билан ўзгараётган замон талаблари асосида жадал ривож­лантиришнинг илмий-назарий, амалий-конструктив асосларини белгилаб берадиган, тараққиётнинг янги даври учун мўлжалланган муҳим дастуриламалдир, десак айни ҳақиқат бўлади.
Бу кенг кўламли, ноёб ҳужжат давлатимизнинг барча соҳаларида янгича ёндашув ва мезонларни жорий этиш, аҳолининг барча қатламлари ўртасида ташаббускорлик, тадбиркорлик, элу юртимиз тақдири ва келажаги учун масъулият ва дахлдорлик туйғусини ошириш, аниқ тизим асосидаги самарали фаолият тартибини жорий этишда тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бораётганини ҳозирги кунда юртимизда ва хориждаги нуфузли эксперт ва таҳлилчилар, жаҳон сиёсат майдонида катта ўрин тутадиган атоқли давлат ва сиёсат арбоблари кенг эътироф этмоқда.
Ҳозирги вақтда давлат ва жамият бошқарувининг барча босқичларида танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом, қабул қилинаётган ҳар бир қонун, фармон ва қарор, жорий этилаётган янгиликка онгли муносабат биринчи ўринга чиқиб, ишчанлик муҳити кенг қарор топиб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда нафақат ялпи кўтаринкилик руҳини таъминламоқда, балки одамларни очиқлик, ошкоралик, шаффофлик муҳитида яшаш ва ишлашга ҳам даъват этмоқда. Ҳар бир соҳани улкан таъсир кучига эга бўлган, фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми бўлган жамоатчилик назорати остида ривожлантириш зарурлигини кун тартибига қўймоқда. Бундай муҳитда инсоннинг давлат, жамият ва ўзи олдида фуқаролик масъулиятини тўла ҳис этиб яшаши, сўзи билан иши бир бўлишига риоя этиш, ватанпарварлик фазилатлари асосий мезон сифатида намоён бўлади.
Бу китобда Ҳаракатлар стратегияси асосида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун улкан аҳамиятга молик ўзгаришларнинг мазмуни, жамият ҳаётидаги ислоҳотларнинг моҳияти, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг пурмаъно фикрлари орқали ёрқин ифода этилган.
Ўзбекистон Президенти жонажон Ватанимизни янада обод, халқимизни бахт­ли-саодатли қилишдек муқаддас ва залварли вазифаларни бажариш, миллий тикланишдан миллий юксалишга ва жадал тараққиётга эришиш имкониятини берувчи ислоҳотларни амалга оширишда миллатимизнинг жонкуяр лидери сифатида жонбозлик кўрсатмоқда. Бу йўлда нафақат мамлакатимизнинг бой ер ости ва ер усти захираларидан самарали фойдаланиш лозимлиги, балки шу улкан имкониятларни самарали рўёбга чиқаришга қодир бўлган инсон капитали, фаол тадбиркорлик ва дўстона ҳамкорлик омилларининг ҳал қилувчи куч эканлигини Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳамда Олий Мажлисга мурожаатномасида алоҳида қайд этди. Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганларидек: “Билимли авлод буюк келажакнинг, тадбиркор халқ фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир!”
Ана шундай эзгу мақсад билан яратилган, раҳбарлар, тарғиботчилар, олим ва мутахассислар, шунингдек, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу китоб жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантириш, эркинлаштириш каби жараёнларни бошқаришда иштирок этаётган раҳбар кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш, маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантиришга ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Азамат КАМОЛОВ,
Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси масъул ходими