Оталик мажбуриятидан қочганлар ҳам бор…

Уч фарзандининг моддий таъминотидан қочиб, хорижга кетган алиментчи ота 281 миллион 537 минг сўм тўлади. 

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Шеробод тумани бўлими томонидан Шеробод маҳалласида яшайдиган уч нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент пулини тўламай юрган отадан бир йўла уларнинг 18 ёшгача бўлган маблағи ундириб берилди.

Гап шундаки, Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2016 йил 2 февралдаги буйруғига асосан Илёс Тўдаев (исм-шариф ўзгартирилди)дан уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган. И.Тўдаев эса бу мажбуриятни бажармаслик илинжида Россиядан қўним топган. Шундан сўнг қочоқ отага 2018 йил март ойида Мажбурий ижро бюроси қидирув эълон қилган.

– Ниҳоят қидирув ўз самарасини берди. Уч нафар бегуноҳ фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб, хорижда юрган И. Тўдаев топилди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Унга нисбатан ижро ҳаракатлари бошлангач, собиқ турмуш ўртоғи билан келишиб, фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент пуллари яъни, 281 миллион 537 минг сўмни тўлаб берди. Ижро ҳужжати бажарилгач, Илёс Тўдаевга нисбатан қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА