Отасига раҳмат келтирган Фазилат

Яқин-яқингача китоб кўтарган, тинимсиз илм излаётган ёшларга тенгдошлари беписандлик билан қарарди. Ҳатто: “Ўқиб олим бўлармидинг?!”, дея иддао қиладиганлар ҳам бор эди. Бундай муносабатга учрамаслик учун айрим ёшлар китобдан ўзини олиб қочарди.

Тахминан икки йил бурун вазият шундай бўлганига ишонгинг келмайди. Ёшларни мутолаага қизиқтириш, китобхонликни тарғиб этиш ишлари шунчалик самара бердики, мамлакатимизда китоб бозорлари кескин жонланди. Талабга қараб, чекка ҳудудларда ҳам кутубхоналар қуриляпти, китоб карвонлари кириб боряпти. Энг муҳими, китобхон, интеллектуал билимли ёшлар муносиб рағбатлантириляпти.
Мана, масалан, Бўка туманидаги 27-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова. Тасвирий санъат ва адабиётга қизиқадиган қизалоқ юртимизда амалга оширилаётган бешта ташаббусга бағишлаб ёзган шеъри билан бутун республикамиздаги тенгдошларига ўрнак бўлиб улгурди.
Фазилат отасига раҳмат келтирди — фарзандининг ижодига бефарқ бўлмагани ва сифатли таълим олишига шароит яратиб бергани учун унинг отаси Ҳикматилла Ёқубовга Президентимиз автомобиль совға қилди! Жажжи ижодкорга уйидан “Фазилат” номли кутубхона очиб бериш учун масъул ходимларга кўрсатма берилди.
— Фазилат тўрт ярим ёшида опасининг дарслик китобидаги шеър­ларни ёдлаб оларди, — дейди қизчанинг отаси, мактаб ўқитувчиси Ҳикматилла Ёқубов. — У Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф сингари эл суйган шоирларнинг ижодини севиб ўқийди. Қизим иккимиз телевизор томоша қила туриб, Президентнинг беш ташаббуси ҳақида хабар топдик. Беш ташаббус нима эканлиги, нима учун илгари сурилаётгани ҳақида Фазилат савол берди. Қўлимдан келганича ўзим, кейин устозлари унга 5 ташаббуснинг мазмунини тушунтирдик. Бундан таъсирланган қизим шеър ёзибди…

Маъмура ХЎЖАҚУЛОВА,
Рустам НАЗАРМАТОВ

Беш ташаббус кашф этилди,
Яратилди етилди.
Ўқилди Гулистонда,
Иш бошланди Бўстонда.
Бизда театр санъат,
Кўп асрлик маданият.
Мусиқа ҳамда расм,
Халқимиз қилар таъзим.
Адабиёт бош мавзу,
Боболар қилган орзу.
Улар қони бор танда,
Шеър ёзаман шу онда.
Ёшлар ҳамроҳи спорт,
Шахмат-шашка, теннис корт.
Мана, очилди “Ҳумо”,
Лол қолди бутун дунё.
Ўзбек қиз-ўғлонлари,
Халқимиз полвонлари.
Уларни қўллайди эл,
Кураклари кўрмас ер.
Компьютер бор ҳар уйда,
Гоҳ кундузи, гоҳ тунда.
Интернетни ёқамиз,
Кенг оламга боқамиз.
Бўкага келди карвон,
Булар не, деб эл ҳайрон.
Нурли эшиклар очилди,
Халққа зиё сочилди.
Совғага минглаб китоб,
Чарақлаб кетди офтоб.
Жўшиб кетди юраклар,
Айтилди кўп тилаклар.
Энди оналар ишлар,
Бекор қолмас ёз-қишлар.
Бизлар қўллаб турамиз,
Фахрланиб юрамиз.
Улар сафида онам,
Кам бўлмасин деб болам.
Мен ҳам ўқиб билай дер,
Элга хизмат қилай дер.
Юртбошим бўлинг омон,
Сиз доимо халқ томон.
Юртимиз тинч эл тотув,
Кимларгадир бу орзу.
Сизда Темурнинг қони,
Сиз чин Ўзбек ўғлони.
Беш ташаббус бўлса жам,
Юртда бўлмас ҳеч ким кам!

Фазилат Ёқубова,
Бўка туманидаги
27-мактабнинг 3-синф ўқувчиси