“Рақамли авлод”нинг юриши

Эртамиз эгаларини замонавий ахборот технологиялари билан яқиндан таништириш мақсадида Ёшлар иттифоқи “Digital Generation Uzbekistan” дастурини ишлаб чиқди. Лойиҳа Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Иттифоқ матбуот хизматининг хабар беришича, куни кеча 90 нафар талаба ўқув оромгоҳига — Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига жўнаб кетди.
“Ёшлар огомгоҳи”да рақамли авлод вакилларини беш кунлик ўқув дастури кутмоқда. Йигит-қизлар компьютер графикаси ва дизайн, дастурлаш, рақамли маркетинг, робототехника ҳамда медиа соҳаларининг етакчи мутахассислари, таниқли блогерлар билан учрашиб, интерфаол машғулотларга жалб қилинади. Шу зайл­да ҳар қайси йўналиш иштирокчисининг билим даражаси ва қобилияти аниқланади.
Лойиҳанинг амалий қисми доирасида талабалар жамоаларга бўлиниб, тажрибали менторлар билан фикр алмашиш ҳамда долзарб лойиҳалар устида ишлаш имконини қўлга киритади. Бунинг учун оромгоҳда барча шароитлар муҳайё этилган.
Якунда лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади ва ҳар бир иштирокчи махсус сертификат билан тақдирланади.

Роҳатой ҚОДИРОВА