САЙЁРАВИЙ ТАФАККУР АДИБИ

Чингиз Айтматов (1928 йил 12 декабрь – 2008 йил 10 июнь) асарлари энг кўп ўқиладиган, нашр этиладиган, ўгириладиган, ўрганиладиган, экранлаштирилган, саҳналаштирилган машҳур сўз усталари сирасидан. Адиб ижоди, фаолияти ҳақида ёзилган барча мақола, китоб, тадқиқотлар жамланиб, устма-уст тахланса, бўйидан ошиб кетар, баланд пирамида пайдо бўларди. Бу – муболаға эмас.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошларидаёқ адабиёт, санъат илмларида айтматовшунослик деган соҳа юзага келди ва жадал ривожланиб, кенгайиб кетаётибди. Асарлари ҳозирга қадар 180 дан ортиқ тилга таржима қилинган ва миллион-миллион нусхаларда нашр этилган қирғиз адиби Фирдавсий, Низомий, Навоий, Руставели, Шекспир, Данте, Гёте, Пушкин, Толстой, Достоевский, Чехов, Тагор каби буюк сўз усталари қаторида саналиб, улуғланади.

Билингвист ёзувчи икки тилда – қирғиз ва рус тилларида қалам тебратган бўлса ҳам, она тилини биринчи ўринга қўйган ва қадрлаган, “Она тили мўъжизаси”, “Лисоний фазо”, “Ўзим ҳақимда”, “Манас ота қорлари” мақолалари, “Болалигим”, “Руҳ улуғворлигига қасида”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” китобларида айтган фикрлари бунинг далолати. Таржимаи ҳоли чизгилари, мақола, интервью, кундалик, хат, қайдлари бетакрор бадиий маҳорати сирларини очиш, “Жамила”, “Юзма-юз”, “Бўтакўз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Биринчи ўқитувчи”, “Сомон йўли”, “Эрта қайтган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Алвидо, Гулсари!”, “Оқ кема”, “Асрни қаритган кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Тоғлар қулаганда” каби асарлари, драматургияси, публицистикаси, танқидчилигини теранроқ тушунишда қўшимча калит вазифасини ўтайди.
Кўпчилик адиблар сингари Чингиз Айтматов ҳам ижодий фаолиятини журналистикадан бошлаганини — Қирғизистон қишлоқ хўжалиги институти талабалиги пайтлари газеталарга хабар, ҳисобот, лавҳалар ёзиб турганини, “Қирғиз тили терминологияси тўғрисида”, “Қирғизча-русча луғат хусусида”, “Оригиналдан узоқ таржималар” каби жиддий мақолалар эълон қилганини эслаш жоиз. Машҳур ёзувчи бир умр журналистикага содиқ қолди, “Адабий Қирғизистон”, “Иностранная литература” журналларини бошқарди, “Правда”нинг Ўрта Осиё республикалари бўйича ўз мухбири вазифасида ишлади. Ён дафтарлари, мақола, очерклари йирик бадиий асарлар яратишида кўп асқатган.
Чингиз Айтматовга катта шуҳрат келтирган асар “Жамила” қиссаси бўлди. Кейинчалик адиб илк асарини қўллаб-қувватлаган, ўзига “оқ йўл” тилаган улкан қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовни, машҳур рус шоири, “Новый мир”нинг жасоратли муҳаррири Александр Твардовскийни, таниқли сўз устаси, француз тилига ўгириб, “Муҳаббат ҳақида жаҳонда энг гўзал қисса” деган илиқ сўзбоши ёзган Луи Арагонни кўп бор миннатдорлик билан эслайди. Илк асари зўр чиқиб, тилга тушиб, иккинчи, учинчи, кейинги асарларини маҳорат жиҳатдан биринчиси даражасига чиқара олмаган ёзувчилар ҳам бўлади. Не бахтки, Айтматовда бу ҳолат кузатилмади. Ҳар бир асари мавзусининг долзарблиги, муаммоларининг ўткирлиги, тасвирнинг тиниқ, образлилиги, характерларнинг ёрқин ва типиклиги, тилининг гўзал ва жозибадорлиги каби фазилатлари билан воқе бўлганини адиб ва мунаққидлар якдил таъкидлашди.
Адиб ижодининг теран ва собитқадам тадқиқотчиларидан Париза Мирза-Аҳмедова шундай ёзади: “Айтматов Ўрта Осиё ёзувчилари ичида биринчи бўлиб жаҳон адабиёти каҳкашонида ёрқин юлдуз бўлиб порлади. Бетакрор услуби, ажойиб-ғаройиб бадиий ифодалари билан ҳам чорасизлик, фожиавийлик уфуриб, ҳам муҳаббат ва ёруғлик чўғланиб турган улкан миллий оламни кашф этдики, бу олам куч-қудрати ва ахлоқий софлиги билан барчани ҳайратга солди. У ҳақда сўз кетганда воқеликнинг энг сирли қатламларида яшириниб ётган мураккаб зиддиятларни олдиндан илғаш, юзага чиқариш истеъдодига эга санъаткор дейишади. Давр, Инсон ва Табиат алоқадорлиги янгича тарзда қўйилган янги роман тафаккури Айтматов номи билан боғлиқдир”.
Айтматов публицистикани фуқаровий бурчи, қалб даъвати, жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг қудратли воситаси, сайёравий-жаҳоний тафаккурнинг самарали ифодаси деб ҳисоб­лар эди. “Сайёравий тафаккурнинг моҳияти шундаки, ҳар бир одам бошқа одам, ўзга юрт одамлари ҳақида ўзи ҳақида ўйлагандек ўйласин, уни бош­қаларнинг дарди ва бахти, ғусса ва байрамлари ташвиш­лантирсин, токи уни бу оламда қандай яшаш, уни яхши томонга ўзгартириш учун нима қилиш керак, деган саволлар доимо безовта қилиб турсин”, дейди адиб бир суҳбатида. Кейинги йигирма йилликда ёзган “Инсонга ишонаман”, “Дунёни янгича кўриш эҳтиёжи”, “Заминга зил кетяптими?..”, “Энг катта ғалаба – ўз устингдан ғалаба”, “Қандай қилиб бирга, ҳамкор яшашни билишимиз керак”, “Этник худбинликдан қутулишимиз лозим”, “Китобсиз инсоният ўзлигини йўқотади”, “Жаҳаннам узра қарғалар фарёди” мақолалари, “Ер ҳам сув-ла ҳамкор, якқалам…”, “Мақола, суҳбат, диалоглар”, “Руҳ улуғворлигига қасида”, “Учиб кетаётган қушлар галасига хайр-маъзур” китоблари бунинг далилидир.
“Энг қимматли бойлик – халқнинг ахлоқий маданияти. У йўқ жойда юксак онглиликни кутиш беҳуда”; “Биз лисоний фазода яшаётибмиз. Тарихан юзага келган лисоний экология табиат экологияси сингари мураккаб ва мўрт эканлигини унутмаслик лозим”; “Ёшлар, социал инқилобга умид боғламанг. Инқилоб – бу исён, кўр-кўрона ақлсизлик, оммавий зўрлик, миллат, халқ ва жамиятнинг умумий ҳалокати. Биз буни хўп билдик, бошдан ўтказдик. Демок­ратик ўзгаришлар йўлларини изланг. Эволюция вақт, сабр-тоқат ва келишув, бахт-саодатни куч билан эмас, аста-секин қўлга киритиш, мустаҳкамлаб боришдир”… Бундай дониш фикр, ҳикмат, малол келмайдиган пандлар адибнинг публицистик, бадиий асарларида беҳисоб. Келажакни олдиндан кўра олган ёзувчи ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ бадииёти, публицистикасида истеъмолчилик пойгаси, наркомания балоси, қадриятларга нописандлик, худбинлик, лоқайдлик, ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” хавфидан огоҳ
этган эди.
Давлатимизнинг “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган Чингиз Айтматов халқимизнинг садоқатли дўсти, адабиётимиз, санъатимизни қадрловчи инсон эди. “Ўзбек халқининг тақдирини ўз тақдиримдан ажратиб қаролмайман… Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин… Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган”. Қандай улуғвор ва самимий таъриф! Адиб асарлари эълон қилиниши билан А.Рашидов, И.Ғафуров, С.Қораев, Ё.Хўжамбердиев, Н.Боқий, М.Маҳмудов, Н.Қобул томонидан тилимизга таржима қилиниб, нашр этилар эди. Адиб юртимизга кўп марта келган, О.Ёқубов, П.Қодиров, Миртемир, Шукрулло, А.Орипов, Э.Воҳидов, Т.Қаипберганов, А.Саидов, А.Мелибоев, А.Жўрабоев ва бошқа ёзувчилар, олим, арбоб, санъаткор, журналистлар билан яқин, қадрдон бўлган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 2 апрелда “Улуғ адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор чиқаргани ва бу тарихий ҳужжатнинг барча бандлари тўлиқ бажарилгани жамоатчиликнинг ёдида: адиб асарлари қайта-қайта нашр этилди, қисса, романлари асосидаги спектакллар театрларимизда қўйилди, қўйиляпти, махсус ҳужжатли фильм яратилди, мактаб ва кўчага номи берилди, бюсти ўрнатилди, илмий конференция, ижодий учрашувлар ўтказилди, оммавий ахборот воситалари туркум мақола, эшиттириш, кўрсатувлар берди, ижоди ҳақида бир нечта китоб нашр этилди. Ҳали бирор хорижлик адиб бундай баланд ҳурмат-эътибор билан хотирланмаган эди.

Сайди УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
мунаққид, публицист