Тахмин эмас, таҳлил муҳим

Нега оилалар бузилади? Бу каби ижтимоий муаммоларни бартараф этишнинг қандай йўллари бор? Биз қайси ечимларни мақбул кўряпмиз?

Юқоридаги саволлар кетма-кетлигини узоқ давом эттириш мумкин: нега, қачон, қандай қилиб?.. Асосийси, ҳар бирига жўяли жавоб топа олишда. Ахир, минг-минглаб одамларнинг тақдири, тинчлиги ва фаровонлиги ҳақида гап борганда, аниқ таҳлилларсиз, шунчаки тахминларга таяниб фикр юритиб бўлмайди. Ҳар қайси хулоса амалий аҳамият касб этиши, илмий асосланган бўлиши керак. Юртимизда бир йилдан ортиқ вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олиму мутахассислари бу ишга камарбастадир.

Куни кеча марказ ташаббуси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Замонавий намунали оилани биргаликда яратамиз” деб номланган тақдимот семинари ўтказилди. Унда пойтахтимиздаги 11 та туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ма­ҳаллалардаги маслаҳатчи ва фаоллар, оила институтини ўрганиш ҳамда ривожлантириш билан шуғулланувчи бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
— Юртимизда оилалар мус­таҳкамлигини таъминлаш, инчунин, маънавий муҳитини яхшилаш ва молиявий барқарорлигига эришиш давлат аҳамиятидаги масала ҳисоб­ланади, — таъкидлади Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмитдинова. — Жуда кўп ишлар амалга оширилаётганига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар динамикаси ўсишда давом этяпти. Охирги беш йилда бу рақам 34,5 фоизга ошган. Энг юқори коэффициент пойтахтда қайд этилди. Битта оилани сақлаб қолиш жамиятдан чакана куч ва матонатни талаб қилмайди. Маҳалла маслаҳатчилари, хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари нафақат ҳаётий тажрибаси бой, балки оилавий муносабатлар масаласида дунёвий ва диний билими мукаммал, ўзаро келишмовчилик ҳамда низоларни бартараф этиш, музокара олиб бориш маҳоратига эга инсонлар бўлмоғи даркор. “Оила” маркази сўнгги йиллар ичида ўндан ортиқ илмий тадқиқот олиб борди. Гап замонавий оила модели, ёш оилаларнинг муаммолари, ажримлар, норасмий никоҳлар каби ниҳоятда долзарб мавзулардаги йирик социологик сўровлар ҳақида бормоқда. Бундай ўрганишларнинг натижалари билан ҳар биримиз танишсак, жуда катта илмий манбани қўлга киритган бўламиз. Аминманки, ишимизнинг самараси ҳам кўп карра ортади.
Тадбирда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари, сенатор Дилором Тошмуҳамедова ҳам сўз олиб, бугунги кунда мамлакатимизда оилавий муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишнинг уникал тизими шаклланганини қайд этди. Яъни аввал халқ ичида пишиб етилган муаммо аниқланиб, сўнгра шу асосда социологик сўров мавзуси ва методологияси ишлаб чиқилади, шундан кейингина тадқиқотга киришилади. Мазкур амалиёт давлат ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий шериклиги асосида олиб борилмоқда. Масалан, “Оила” маркази Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тузилма ҳисобланади. Лекин унинг фаолиятини Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи каби бир қанча йирик нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигию кўмагисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Санаб ўтилганларнинг барчаси оила масаласидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда бевосита иштирок этмоқда.
Тақдимот семинари давомида замонавий намунали оила қандай мезонлар асосида аниқланиши, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажримларнинг олдини олиш йўллари, ҳудудларда ташкил этилган Келин-куёвлар инновацион мактаб­ларининг фаолияти хусусида сўз юритилди. “Оила” маркази томонидан ўтказилган сўнгги илмий тадқиқотлар натижалари ­эълон қилиниб, хулосалари шарҳлаб ўтилди.
Залда, шунингдек, “Оила” мадҳияси янгради. Мавзуга доир бир қанча роликлар намойиш этилди.

Наргиза УМАРОВА