Тизим янада такомиллашмоқда

Президентимизнинг шу йил 27 майдаги “Ўзбекис­тон Респуб­ликасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида:

“Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди…
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда”, деб таъкидланади.
Жамиятни коррупциядан халос қилиш осон эмас. Демак, мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро унга қарши курашиши керак. Бунинг учун юртимизда етарлича ҳуқуқий асос яратиб берилмоқда. Юқоридаги фармон ҳам фикримиз далили.
Мамлакатимизни жадал ривож­лантириш учун тадбиркорликка кенг йўл очилиб, инвестиция киритишга катта эътибор бериляпти. Бунинг учун жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши, порахўрликни йўқотиш зарур. Фармондан кўзланган мақсад, аввало, инвесторларга қулай бизнес майдони яратиб беришдир.
Фармонда Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинган. Бу комиссия жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганади, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради. Комиссия тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Олий Мажлис палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига мунтазам ахборот бериб боради, соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш борасида таклифлар киритади.
Фармонда давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ҳам белгилаб берилган. Ўз ўрнида давлат хизматчиларининг иш ҳақи етарли даражада бўлиши таъминланади. Даромадлар декларацияси ривожланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали усули ҳисобланади.
Порахўрликка оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар қилган шахсларни ишончли ҳимоя қилиш ҳам бу борада самарали натижа беради. Фармонда бу ҳақда ҳам сўз боради. Унга кўра, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари жорий этилади.
Лекин фуқаролар орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни янада юксалтирмай натижага эришиб бўлмайди. Ҳужжатга кўра, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. Тегишли соҳада коррупцияга имкон яратаётган сабабларни бутунлай йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси этиб белгиланди.

Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи