Яна бир ёшга имкон берилди

Инсонга ҳаёт бир маротаба берилади. У шу фурсатни яқинларига, ота-онасига, жамиятга сидқидилдан хизмат қилишга, юртини обод этишга сарфлайдими ёки…
Тажрибасизлиги ва ён-атроф­дагиларнинг эътиборсизлиги туфайли бегона кўчаларга адашиб кириб қолган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлганларнинг кечирилиши юксак инсонийлик намунасидир. Билиб-билмай жи­ноят кўчасига кирган ёшларни жамоат ташкилотлари кафиллиги асосида қамоқ жазосидан қутқариб қолиш амалиёти шахсан Президентимиз ташаббуси билан жорий этилди.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида 24 ёшли Одилжон Ғафуровнинг иши кўриб чиқилди. Одилжон Жиззах шаҳрининг Учариқ маҳалласида истиқомат қилади. Шаҳардаги саноат касб-ҳунар коллежининг архившунослик йўналишини тамомлаган. Кейин­чалик эса савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланган. Унинг оиласи намунали оилалардан бўлган.
Эндигина уйланиб, бахтли ҳаёт кечиришни ўйлаган йигитнинг орзулари армонга айланиши мумкин эди. Одил­жон билиб-билмай тақиқланган иж­тимоий тармоқларга кириб, диний экстремизм ва терроризм оқимига оид маълумотларни, ҳаттоки, очиб кўрмасдан туриб, телеграм орқали ўртоғига жўнатади. Ижти­моий тармоқларни назорат қилаётган ходимлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бу ҳолат аниқланади. Мазкур иш Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг 2441-моддаси 3-қисми “Г” банди билан боғлиқ.
Суд мажлисида қатнашган жамоат ташкилотлари — маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, Иттифоқнинг Жиззах вилояти кенгаши, судланувчининг ота-онаси, яқинлари ва бошқалар иштирокида бу масала атрофлича муҳокама қилиниб, бир ёш йигитнинг тақдирини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида Ёшлар иттифоқининг кафиллигига олинадиган бўлди.
Ўзаро келишувларга мувофиқ, судланувчи Одилжон Ғафуровга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа енгил чора кўриш ҳамда жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга қонуний енгиллик бериш сўралди ҳамда суд Одилжон Ғафуровга 3 йил озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.
Суд залидан озод этилган Одилжон Ғафуров қилган ишидан пушаймон. У “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қў­йишни ҳамда тенгдош­ларини иш билан таъминлашни ният қилган.

Ҳасан УСМОНОВ