Ғафуржон МУҲАМЕДОВ: “БИЗГА ПЕДАГОГИК ТАЪЛИМ КЛАСТЕРИ ЖУДА ЗАРУР”

Бугун таълим соҳасида қатор муаммолар йиғилиб, уларни ҳал қилишда биз бирмунча орқада қолаётганимиз рост. Экспертлар фикрича, кадрлар тайёрловчи муассасалар ўртасида узвий алоқанинг етарли даражада эмаслиги мақсадни белгилашдаги тарқоқликка ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Кадрлар тайёрлаш бўйича давлат сиёсатида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослиги, талаб ҳамда эҳтиёжлари тўлиқ ҳисобга олинмаслиги, меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф чуқур ўрганилмаслиги натижасида кадрларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотида мувозанат бузилиши кузатилди. Бу айрим ҳудудларда малакали педагог кадрларга эҳтиёж йиллар давомида қондирилмаслигига сабаб бўлди.
Таълим тизимидаги шу ва бош­қа муаммолар бўйича Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Ғафуржон Муҳамедов билан суҳбатлашдик.

— Ҳурматли, Ғафуржон Исроилович, суҳбатимизни юртимиз таълим соҳасидаги бугунги ислоҳотлардан бошласак.

— Истиқлол йилларида таълим ва кадр­лар тайёрлаш соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганини таъкидлаган ҳолда, айтишимиз жоизки, мақсадлар ва уларга эришиш усул ва воситаларини аниқ белгилай олмаслик, меҳнат бозори талабларини чуқур ўрганмаслик, ундаги талаб ва таклифнинг номувофиқлиги, одамларнинг ижтимоий аҳволи ва хоҳиш-истак­ларини инобатга олмаслик оқибатида жиддий хато ва камчиликлар ҳам кузатилди. Натижада “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дас­тури”да назарда тутилган талаблар тўлиқ ижросини топмади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилишга, кадрлар тайёрлаш сифатини такомиллаштиришга, тизимга ривож­ланган мамлакатлар тажрибасини тат­биқ этишга жиддий эътибор қаратмоқда. Президентнинг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017 йил 14 март), “Олий таълим тизимини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017 йил 20 апрель), “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017 йил 22 май), “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги (2017 йил 8 август), “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги (2017 йил 30 сентябрь) қарорларида ўз аксини топган. Мазкур қарорларда узлуксиз таълим тизимининг деярли барча бўғини қамраб олинган. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам таълимни тубдан такомиллаштиришга эътибор қаратилган. Бу ҳужжатларнинг барчасида соҳага инновацияларни киритиш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, ижодий ёндашувларни қўллаб-қувватлаш, таълим турлари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш билан боғлиқ узвий жиҳатлар мавжуд.

— Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятига тўхталсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги 3152-сонли қарори билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил қилинган эди. Инс­титутга вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, айниқса, туманлар ва қишлоқ жойлардаги ўқув масканларининг малакали педагоглар
(хусусан, бошланғич синф, аниқ фан ва чет тили бўйича)га бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. Бугунги кунда институт ўзининг асосий стратегик йўналишлари ва ривож­ланиш концепциясини ишлаб чиқди.
Тошкент вилояти таълим тизимидаги камчиликларни ўрганиш ва таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, педагогик таълим йўналишларини мувофиқлаштириш, истиқболни режалаштириш, таълим босқичлари ўртасидаги алоқа ва интеграциянинг сустлиги, таълим субъектлари фаолиятидаги тарқоқлик ҳудудда малакали педагоглар етишмаслиги ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда институт вилоятда педагогик таълим инновацион кластерини такомиллаштириш билан боғлиқ янги моделни ўзининг устувор стратегик йўналиши сифатида белгилаб олди ва шу асосда муайян ишларни амалга оширди. Бу тизим енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиётнинг қатор тармоқларида самарали ҳисобланган кластер усулини таълим жараёнига татбиқ этишни назарда тутади. Ишлаб чиқариш тармоқларида хомашёни етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш ҳамда уни реализация қилиш бўйича кетма-кетлик занжири мавжуд бўлиб, бу кетма-кетлик педагогик таълим тизимида ҳам инсон капитали кўринишида мавжуд. Демак, ишлаб чиқаришда самарали бўлган клас­тер моделини таълим тизимига ҳам жорий этиш назарий жиҳатдан мумкин.

— Педагогик таълим кластери нима?

— Бу — муайян географик ҳудуднинг рақобатбардош педагог кадрларга талабини қондириш мақсадида бир-бири билан узвий алоқадаги тенг ҳуқуқли алоҳида субъектлар, технологиялар ва инсон ресурсларининг интеграциялашувини таъминловчи механизм.
Жамият ривожида педагогик таълимнинг ижтимоий аҳамияти юқорилигини инобатга олган ҳолда соҳага замонавий талабларни татбиқ этиш, фан ва таълим ўртасидаги узвийликни таъминлаш узлуксиз педагогик таълимни кластер ривожланиш тизимига ўтказиш заруратини тақозо этмоқда.

Педагогик таълим кластери узлуксиз таълим тизимидаги барча таълим турлари, илмий тадқиқот инс­титутлари ва марказлари, амалиёт базалари, илмий ва илмий-методик тузилмаларнинг бир бутунлиги бўлиб, уларнинг биргаликдаги фаолияти педагогик таълимни янги сифат босқичига кўтариш имконини беради.

Кластер тизими ўқув адабиётларини яратиш, педагог кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, таълим ва тарбияни узвий равишда олиб боради. Айни пайтда, бу умумий йўналишлар таълимни бошқариш ва ташкиллаштириш, таълим турлари ва йўналишлари ўртасида узвийлик ва интеграцияни таъминлаш, ўқитиш методлари ва воситаларидан фойдаланишда хусусийлашади.

— Демак, кластер муайян бир соҳанинг ўз қобиғига ўралиб қолмай, ёндош (турдош) ва турдош бўлмаган соҳалар билан мус­таҳкам, узвий ва узлуксиз алоқасини англатади…

— Ҳа. Мен буни дарахт тимсолида тушунтирсам, тасаввурда янада ёрқинроқ гавдаланади, деб ўйлайман. Дарахтнинг илдизи қанчалик чуқур ва тармоқланган бўлса, шунчалик мустаҳкам, умри узун, ҳосили мўл бўлади. Инсоният кўп минг йиллик тараққиёти давомида жамиятни ривож­лантиришнинг таълим, илм ва ҳунардан самаралироқ воситасини кашф қила олган эмас. Таълим ўз илдизларини илм-фан ва ишлаб чиқариш, ижтимоий турмуш, бир сўз билан айтганда, ҳаёт билан боғлай олса, ички ва турдош тармоқлар билан ҳар томонлама интеграцияга киришсагина, ўз мақсадига эришади. Фан, таълим-тарбия ва иқтисодиётнинг ўзаро чуқур, ҳар томонлама узлуксиз алоқасини таъминлаб, буни ҳаётнинг барча жабҳаларига татбиқ эта олган давлат эса тараққиётга эришади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар тўғрисидаги Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам илм-фан ва таълим, таълим ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёт муносабатларига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Модомики, таълим тизимининг марказида инсон капитали, уни тўғри тақсимлаш, ундан самарали фойдаланиш ва мақсадли йўналтириш турар экан, бунда мактаб­гача, умумий ўрта ва олий таълим тизимини жамиятнинг барча манфаатдор томонлари, таълим жараёнининг барча субъектлари билан бир бутунликда бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш ҳамда таълимнинг тўлиқ узлуксизлигига эришиш олдимизда турган муҳим вазифалардандир.

— Кластерни педагогик таълим соҳасига татбиқ этишнинг афзалликлари нималардан иборат?

— Педагогик таълим инновацион клас­тери алоқадорлик, узвийлик, изчиллик, ворисийлик, замонавийлик, аниқ мақсадга йўналтирилганлик, манфаатдорлик тамойилларига асос­ланади.
Таълимий, илмий тадқиқотчилик, инновацион ва лойиҳалаштириш фаолиятини олиб борадиган муассасалар, илмий ва илмий-методик тузилмалар, марказлар, илмий тадқиқот институтлари, ўқув ва тажриба-экспериментал база вазифасини ўтайдиган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий ва қўшимча таълим майдончалари, педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари, педагогик ҳамжамиятлар, ташаббус­кор жамоалар, жамоат бирлашмалари, давлат ва нодав­лат ташкилотлари, хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар кластер тизимининг субъектлари сифатида қатнашади. Педагогик кластер улар ўртасидаги узвий ва узлуксиз алоқани таъминлаб беради.
Энг қобилиятли ўқувчиларни педагог­ликка йўналтириш, уларни амалиёт ва манфаатдор субъектлар талабини ҳисобга олган ҳолда, инновацион тажрибага эга бўлган амалиётлар базасида тайёрлаш, ёш мутахассисларнинг касбий кўникмаларни эгаллаш даврини қисқартириш, педагогик таълимда янги авлод ўқув, ўқув-методик, илмий адабиётлар, воситалар ва дидактик материаллар маж­муасини яратиш, таълим, фан ва педагогик амалиётнинг шакл ва турларини излаб топиш, таълимга татбиқ этиш, педагог кадрларни тайёрлашда мактабгача, ўрта таълим ва олий таълим муассасаси ҳамда бошқа талабгорлар билан ўзаро тезкор қайта боғланиш имкониятини яратиш педагогик клас­тернинг мақсад ва вазифалари ҳисоб­ланади.
Айни пайтда педагогик таълим инновацион кластери институтнинг асосий илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгиланган бўлиб, ўттиздан зиёд профессор-ўқитувчилар мазкур йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз институтимиз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ бажариш, илғор хорижий тажрибалардан унумли фойдаланган ҳолда замонавий, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва вилоятда малакали педагогларга эҳтиёжни қондиришга қаратилган. Бу билан жамоамиз Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшган бўлади.

— Педагогик таълим кластерида ёшлар ижтимоий ташкилотларининг ўрни қандай?

— Модомики, педагогик кластер турли бўғинлар фаолиятини бир мақсад йўлида бирлаштирар экан, ёшларни уюштириш, йўналтириш, улар орасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мамлакатимиздаги ёшларни жипслаштириб келаётган энг асосий жамоат ташкилотларидан бири ҳисоб­ланади. Педагогик таълим кластери фаолиятида бу ташкилотнинг ҳам ўрни ортса-ортадики, ҳеч камаймайди, деб ўйлайман.

Н.РАМАЗОНОВ суҳбатлашди.