Ўзбекистонлик ўқитувчи АҚШда боғча очди

АҚШ пойтахтидан унча узоқ бўлмаган Виржиния штати Уолтер Рид кўчасида мўъжазгина болалар боғчаси мавжуд. Ўзбекистонлик ўқитувчи Наргиза Курязоватомонидан очилган бу болалар муассасасига фарзандларини олиб келишни истаган ота-оналар талайгина. Наргиза билан унинг АҚШга келиб қолиши сабаблари, хусусий боғча очиш жараёнлари, ҳар икки давлат таълим тизимидаги ўзига хос жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Наргизаўзингиз ҳақингизда бироз маълумот берсангиз

 Мен асли Хоразм вилояти Гурлан туманиданман. АҚШга келгунга қадар туманимиздаги ихтисослашган мусиқа мактабида фортепиано йўналишида ўқиганман. Ўқишни битиргач, мусиқа ўқитувчиси дипломи билан туманимиздаги ўрта мактабда икки йил мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишладим. Хорижий тилларни ўрганиш иштиёқи ҳам юқори бўлгани учун ҳужжатларимни Урганч Давлат университетининг роман-герман филологияси факультетига топширдим ва ўқишга кириш бахтига муяссар бўлдим. Университетни тугатгач, инглиз тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритганман.

— АҚШга келиш тарихингиз қандай кечди?

— АҚШга оилавий сабабларга кўра келганман. Келганимга ўн йил бўлди. Мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб юрган кезларимда, онамнинг соғлиқлари ёмонлашди. Оиладаги тўнғич фарзанд сифатида масъулиятни бўйнимга олиб, онамни даволатгани Россияга олиб бордим. Даволаш курслари узоқ давом этди ва биз Россияда анча вақт қолиб кетдик. Шу пайтлари АҚШдан иш юзасидан Россияга келган бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим. Турмуш ўртоғим ҳам асли ўзбекистонлик. Муҳаббат ришталарини оила билан боғладик. Маълум вақт ичида турмуш ўртоғим билан АҚШга, онам билан укам эса Ўзбекистонга қайтишди. Яширмайман, аввалига АҚШга боргим келмади. Турмуш ўртоғим 20-30 йиллардан бери АҚШда истиқомат қилаётган ўзбек оилаларидан. Бу эса менга ҳам бир умр шу ерда қолиб кетиш дегани эди. Оиламни, Ватанимни ташлаб, бир умрга янги юртларга кўчиб кетиш фикри мени аввалига чўчитди. Лекин вақт ўтиши билан янги шаҳарга ҳам мослашдим. Аммо Ўзбекистонга — она юртимга тез-тез бориб тураман.

photo5337115873602808578.jpg

— АҚШда хусусий боғча очишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бу ғояни сизга ким берди?

— Инглиз тили филологиясини битирганим, педагог сифатидаги тажрибам қўл келди. Бироз муддат ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Ишхонамга қатнаб ишлаш узоқлик қилгани учун, турмуш ўртоғим уйдан боғча очиш таклифини берди. Она бўлиш арафасида юрган мендек аёл учун бу таклиф маъқул келди. Уйда ўтирган ҳолда педагог сифатида фаолиятимни давом эттиришим чиндан ҳам қулай эди. 2014 йилда 12 болага мўлжалланган кичик боғчани ташкил қилдим. АҚШ қонун-қоидаларига кўра, уйда хусусий боғча очсангиз, узоғи билан 12 нафар бола олишингиз мумкин бўлади. Лекин вақт ўтиши билан боғчамизга талабгорлар кўпайди. Шу муносабат билан яқинда уйимиздан сал берироқда иккинчи яна бир қўшимча боғча очдик. Янги боғчамизда 40 нафар бола бор.

— АҚШда тадбиркорлик фаолиятини юритишга қандай баҳо берасиз?

— Бу ерда тадбиркорлик фаолиятини эркин юритишга тўсқинлик қилувчи ортиқча омиллар йўқ. Фаолиятингизда хато ва камчиликлар бўлса, мутахассислар, энг аввало, ишингизни тўғри йўлга қўйиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатади.

— Ҳар икки давлатнинг таълим тизими ҳақида-чи, нима дея оласиз? Қандай ўзига хос жиҳатлари мавжуд?

— Биринчи ўринда боғча ва мактабларнинг молиявий жиҳатдан таъминланганлик даражаси яхши. Бу ерда таълим муассасалари ўқув қуроллари, жиҳозлари, адабиётлар билан яхши таъминланган. Келажакда она юртимга қайтиб, Ўзбекистондаги мактабларни қўлдан келганча молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиш ниятим бор.

Яна бир ўзига хос жиҳати, таълим-тарбия олиб боришдаги методикасида. Ўзбекистонда, таълим-тарбия бошқа МДҲ давлатларидаги каби анъанавий метод, яъни қатъ ий интизомга асосланган маълум бир тартиб қоидалар асосида олиб борилади. Бу ерда эса ўқувчиларга ҳар жиҳатдан эркинлик берилади. АҚШда кўпгина таълим муассасаларида таълим беришнинг Монтессори методида ишлайдилар. Бунда асосан ўқувчининг қобилиятларини кашф этиш, имкониятларини шакллантириш, эркин фаолият юритиш, мустақил қарор чиқариш, умуман шахс сифатида ривожлантириш мақсади бор. Бу методда болаларга таълим бериш эса энг аввало уларга ҳар томонлама эркинлик беришдан бошланади. АҚШда, масалан, бола боғчада ухлагиси ёки таомни егиси келмаяптими, мактабда бола маълум бир кийимни кийгиси келмаяптими, уни мажбурлаш йўқ. Дарс жараёнлари мисолида айтсак, масалан расм дарсида мавзу дарахт чизиш бўлса, Ўзбекистонда ўқитувчилар аввало уни ўзлари чизиб бериб, намуна кўрсатади. АҚШда эса аксинча, бола дарахтни қандай тасаввур этса, шундай чизишига йўл қўйиб берилади.

— Сиз қайси метод асосида таълим берасиз? Ўзбекистондаги каби анъанавий йўналишдами ёки АҚШда урф бўлганидек Монтессори методидами?

— Монтессори методининг ҳамма жиҳатларига ҳам қўшилмайман. Фикримча, болани тартиб-интизомга солиб, йўл-йўриқ кўрсатиб туриш зарур. Шу нуқтаи назардан айтганда, боғчамизда ҳам анъанавий, ҳам Монтессори методи асосида иш олиб борамиз. Болаларни боғчада имкон қадар эрта тувакка ўтиришга, мустақил овқат ейишга, дастурхон атрофида ўзини тутишга, умуман тартиб-қоида, интизомга ўргатишга интиламиз.

— Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳамкасбларингизга нима деган бўлар эдингиз…

— Ўзбекистон ва АҚШ таълим муассасаларида ишлаган, ҳар икки давлатнинг таълим тизимини кўрган педагог-тарбиячи сифатида айтишим мумкинки, юртимиздаги ҳамкасбларимга таълим-тарбия жараёнида ўқитишнинг интерактив фаол усуллари, қизиқарли ўйин ва машқлардан кўпроқ фойдаланишлари, умуман янги-янги таълим методларига кўпроқ мурожаат этишлари мақсадга мувофиқ.

— Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.

АҚШдан “Hurriyat” учун махсус Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Манба: “Hurriyat” газетаси

ЎзА